Африкадаги мактабларда рус тили ўқитила бошлайди
World
−
13:12 471 1 minute
Марказий Африка Республикасининг учта мактабида 6-синфдан бошлаб рус тили ўқитилади. Бу ҳақда Россия Таълим вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, Банги шаҳрида Россия ва Марказий Африка Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилиши бўлиб ўтган. Унда икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Йиғилиш доирасида Марказий Африка Республикасидаги умумтаълим мактабларида рус тилини ўқитишни жорий этиш тўғрисидаги қарор имзоланган. Дарслар “Хорижда рус ўқитувчиси” лойиҳаси доирасида фаолият юритувчи педагоглар томонидан олиб борилади.
Шунингдек, Россия Таълим вазирлиги рус тилини хорижий тил сифатида ўрганиш учун 500 та дарсликни Марказий Африка Республикасига топширган. Келгусида маҳаллий ўқитувчиларни тайёрлаш, Банги университетида рус тили кафедрасини ташкил этиш ҳамда Россия таълим стандартлари асосида фаолият юритадиган мактаб лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Сейми (парламент) жамоат телерадиокомпанияси (LSM)га рус тилида контент яратишни тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All