Мбаппенинг Олимпиадада қатнашиши ҳамон сўроқ остида қолмоқда
Спорт
−
15 Март
1987ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе Франция олимпия жамоаси сафида Париж мезбонлик қиладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этмаслиги мумкин. Бу ҳақда Франция олимпия жамоаси мураббийи Тьерри Анри “RMC Sport”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Франциялик футболчининг ўзи Олимпиадада ўйнаш истагини билдираётганди, бироқ мураббий Анри тақвим жуда зичлиги туфайли Мбаппенинг ёрдамига ишонч билдирмаяпти. Боз устига шу йили Олимпия ўйинларидан ташқари Евро-2024 баҳслари ҳам бўлиб ўтади.
“Мен ҳаммасини тушуниб турибман. Нима бўлишидан қатъий назар, қарор клуб томонидан қабул қилинади. Менинг қўлимда Мбаппени жамоага олиб келиш бўйича ҳеч қандай имтиёз йўқ. Бу FIFA кунлари эмас. Клублар янги мавсум бошида барча футболчиларига муҳтож бўлади. Мбаппени Олимпиада баҳсларига жалб қилишга ҳаракат қиламиз, лекин якунда клуб ўз қарорида турса, бундан бир иш чиқиши қийин. Килианни жамоага олиб келиш осон эмас”, дейди Анри.
Маълумот учун, 2024 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларидаги футбол мусобақалари 24 июлдан 10 августгача Париж ва Франциянинг бошқа олти шаҳрида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анри Олимпия ўйинларида Мбаппедан ташқари Гризманн ва Жирунинг ҳам хизматларидан фойдаланмоқчи эканлиги хабар қилинганди.