Маймун чечаги. У қандай касаллик, кимларга юқмайди ва давоси борми? 

Саломатлик

image

Ўзбекистонда маймун чечаги аниқланса, бу касалликка қарши “Тиббиётни инкор қилиш усули”дан фойдаланилади. Бу ҳақда АОКАда “Маймун чечаги касаллигига қарши кўрилаётган эпидемиологик чора-тадбирлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

“Дунё ҳамжамиятида чинчечакка қарши вакцина бор. Маймун чечагига қарши вакцина мавжуд эмас. Чинчечак вируси дунёнинг фақат иккита давлатида — АҚШ ва Россия махсус лабораторияларида сақланяпти. Бу лабораторияларда уларни сақлашдан мақсад қачонки, чинчечакка ўхшаш касалликлар пайдо бўлса, уни солиштириш, яъни қўзғатувчиларни бир-бири  билан қиёслаш орқали аниқ ташхис қўйиш мақсад қилиб олинган. Лекин шу билан биргаликда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлаяптики, ҳозир чинчечакка қарши 200 млндан кўпроқ доза вакцина захираси мавжуд. Агар бу вакциналарни ишлатишга эҳтиёж бўладиган бўлса, албатта, ЖССТ тавсиясига асосан, бу масала ҳам кўриб чиқилади”, дейди Отабеков.

Шунингдек, у сўзи давомида вирус чақирадиган кўпгина юқумли касалликларнинг клиник белгилари ва уларга қарши кўриладиган чора тадбирлар ҳақида маълумот берди.

“Касалликка лаборатория ташхисини қўйиш учун “полемераза занжирли реакция усули”дан фойдаланилади. Бунинг учун фақат тест системасининг бўлиши етарли. Шу нуқтаи назардан, ҳозир бу тест системаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш чоралари кўриляпти. Бундай пайтларда тиббиётда яна бир усул бор. Буни кўпчилик билмаслиги мумкин. Биз биламиз. Масалан, айнан вируслар чақирадиган кўпгина юқумли касалликларнинг клиник белгиларида бир вақтнинг ўзида тана ҳароратининг кўтарилиши, терлаш, оғриқ ва танада тошмалар пайдо бўлиши кузатилади. Қачонки, бу каби ҳолатлар кузатиладиган бўлса, “тиббиётни инкор қилиш усули”дан фойдаланилади. Инкор қилиш усули дегани, агар биз бешта касалликка гумон қилаётган бўлсак, қизамиқ, қизилча ёки бошқа бир касаллик тасдиқланса, демак чинчечак йўқ. Бу усул билан бошқа 4 ёки 5 та шубҳа қилинган касалликлар мабодо аниқланиб қоладиган бўлса, биз чинчечак  эмас, қизамиқ ёки қизилча, деган ташхисни қўйиш усулидан фойдаланамиз”, дейди Нурмат Отабеков.

Отабековга кўра, чинчечак  ва маймун чечаги каби юқумли касалликлар катта ёшдаги фуқароларда аниқланмайди. Ёш болаларда касалликка чалиниш эҳтимоли бор.

“Шу билан бирга, ташхис қўйиш учун касалликка чалинган одам вирус ўчоғида бўлган, касаллик манбаи билан мулоқот қилган бўлиши керак. Эпидемиологик анализ йиғилган пайтда хавф ости гуруҳига мансуб бўлиши керак. Демак, мана шу ҳолатлар йўқ бўлса, маймун чечагига гумон қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Баъзан интернет тармоқларида кўряпман. Баъзи бир тошмаларни расмга олиб, жойлаштиришяпти ва чинчечак  бўлса керак, деган фикрлар олға суриляпти. Аслини олганда, чинчечак  касаллигига катта ёшдаги одамлар чалинмайди. Негаки, уларнинг аксариятида чинчечакка қарши иммунитет бор. Ёш болаларда касалликка чалиниш эҳтимоли мавжуд. Касалликка чалинган тақдирда ҳам улар ҳаво томчи, яқин мулоқот йўли билан ҳамда тери ва шиллиқ қаватнинг жароҳатланиши билан кечадиган жисмоний мулоқотлар орқали ҳам юқиш эҳтимоли бор. Қолаверса, улар кийган кийим, улар ишлатган чойшаблар орқали касаллик юқиш эҳтимоли ҳам бор. Шундай экан, касалликнинг манбаи билан рўбарў келмаган одамда касалликка шубҳа қилиш учун асос кўринмайди", дейди у.

Маълумот учун, маймун чечаги вируси жорий йилнинг апрель ва май ойларида Ғарбий Европанинг бир қанча мамлакатларида, шунингдек, бошқа қитъаларда тарқалди. Сўнгги кунларда у Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Португалия, Франция, Швейцария ва Швецияда, шунингдек, АҚШ, Канада ва Австралия, БАА да ҳам аниқланган.

Маймун чечаги ҳақида нима маълум?

Маймун чечагининг дастлабки белгиларига иситма, бош оғриғи ва мушак оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва озғинлик киради. Касал бўлганларда кўпинча юзда бошланиб, кейин тананинг бошқа қисмларига, жумладан қўллар, оёқлар ва жинсий аъзоларга тарқаладиган тошма пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечаги ҳайвонларнинг чақиши, ифлосланган буюмлар ёки касал одам билан яқин алоқа қилиш орқали юқиши мумкин. 

Вирусга қарши дорилар йўқ. 

Инфекцияланган одамларнинг аксарияти бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади. Бироқ, биринчи марта 1970 йилда кашф этилган маймун чечагининг энг ҳалокатли штаммлари беморларнинг 10 фоизини ўлдириши мумкин.

Сўнгги кунларда АҚШда ҳам маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан АҚШ ҳукумати чечакка қарши 13 миллион вакцина сотиб олишга буйруқ берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурмат Отабеков Маймун чечаги

Баҳолаганлар

891

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made