Май ва июнь ойларида қанча фуқаро Тошкент пропискасини олди?
Жамият
−
06 Июль 2020
10963Жорий йил бошидан буён Тошкент шаҳрига жами 49936 нафар фуқаро доимий прописка қилинган бўлса, биргина май ва июнь ойларида 39626 нафар фуқаро доимий рўйхатга киритилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Шундан, май ва июнь ойларида 1-банд бўйича (қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга) 13 808 нафар, 2-банд бўйича (қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига ёки хусусий мулки бўлган бошқа уй-жой майдонига) эса 17 606 нафар фуқаролар доимий рўйхатдан ўтказилган.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 1 сентябрдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча яшаб турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро ҳамкорлик орқали, Ягона дарча тамойили асосида, Ички ишлар вазирлигининг манзил автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 13 май куни президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.
LiveБарчаси