Мавзу яна Афғонистон: Ҳиндистон Термизда қисқа муддатли курсларни ташкил этмоқчи

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Ҳиндистон Бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Панкаж Саран, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вижай Тҳакур Сингҳ ҳамда ТИВ департаменти директори Дипак Миттал билан музокаралар ўтказди. 

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Деҳлида ўтган учрашувлар чоғида икки мамлакатнинг афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш йўллари, шунингдек, ушбу мамлакатда турли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Ҳиндистон томони Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонни тинч йўл билан ривожлантириш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди. Суҳбатдошлар сўзларига кўра, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилишда муҳим роль ўйнамоқда ва бунда аввало Афғонистон халқи манфаатларини илгари сурмоқда. 

Учрашувда Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини тайёрлаш бўйича Таълим маркази базасида Афғонистон учун миллий кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳиндистон томони ушбу Марказда Афғонистонда энг кўп талаб этилаётган мутахассисликлар бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Термиз Ўзбекистон-Афғонистон Исматилла Иргашев

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг