Мавсумий офат: Калифорния аланга ичида қолди (фото)
Олам
−
20 Август 2020
6946АҚШнинг Калифорния штатида бир ой аввал бошланган аномал иссиқ ва табиий ёнғинлар давом этяпти. Минтақанинг марказий қисмида яшовчи аҳоли эвакуация қилиш бўйича огоҳлантириш олган. Штат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Жами 100 минг одам эвакуация қилинади.
“Бундай ёнғинларни кўп йиллардан бери кўрмагандик. Фақат тасаввур қилинг, бутун штат бўйлаб 367 та янги ёнғин ўчоғи пайдо бўлди. Биз барча мавжуд ресурсларимизни аҳолимиз хавфсизлиги учун сафарбар қиляпмиз”, деган Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом.
Ёнғинларни ўчириш ҳам йўқотишларсиз бўлмаяпти. Кеча тепаликдаги алангага сув сепаётган вертолёт ҳалокатга учради. Учувчи ҳалок бўлди. Аномал иссиқ сабаб Калифорнияда электр тармоқлари базўр ишлаяпти. Кўплаб подстанцияларда авариялар бўлиши сабабли электр таъминотида узилишлар бўляпти.
Штатда ёнғинлар мавсуми одатда мавсум ноябрь ойида якунланади. Алангалар гирдобида қолган Калифорнияни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қизил сайёра Марсга қиёслаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Калифорниянинг Ўлим водийсида Ер сайёрасидаги энг юқори ҳаво ҳарорати қайд этилганди.