Президент матбуот котиби сўз эркинлигини неъмат деб атади

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистонда бугун ҳукм сураётган сўз ва матбуот эркинлиги неъмат. Бу ҳақда Президент Администрацияси раисининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов кеча, 5 май куни Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг янги биноси очилиш маросимида сўзлаган нутқида қайд этган. 

Хўш, Асадов нега бу мавзу ҳақида сўз очди? 

Жорий йилнинг 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни QALAMPIR.UZ асосчиси – журналист Қамариддин Шайхов ўзининг шахсий Telegram каналида сўз эркинлигининг бугунги ҳолати, ҳуқуқлари таъминланишини хоҳлаётган ва давлат идораларига ўз мурожаатини ОАВ орқали етказишни истаётган оддий одамларнинг сўз эркинлигининг таъминланишидаги ўрни ҳақида пост ёзиб қолдирди. Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу пост QALAMPIR.UZ’да ҳам эълон қилинди. Постда асосан одамлар билан боғлиқ муаммолар, мурожаатчилар сўз эркинлигини таъминлашни сўрашию лекин камера қаратилиб, микрофон тутилганда “давлатимизга раҳмат”дан нарига ўтолмаслиги, ҳамма жонбозликни журналистдан талаб қилиши ёзилган. Пост охирида эса Шайхов сўз эркинлиги неъмат эмас, балки нормал демократик жамиятнинг фундаментал асоси, қадрияти бўлиши кераклигини урғулаган. 

Асадов бу фикрларнинг айнан “Сўз эркинлиги – неъмат эмас” қисмига муносабат билдириб, унинг неъматлигини эслатди. У ҳам сўзида 2016 йилгача бўлган вазиятга эътибор қаратди. 

“Ҳақиқатан ҳам охирги беш йил давомида сўз эркинлигини таъминлаш, нафақат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, балки инсон ҳуқуқлари принципларини, инсон ҳуқуқлари идеалларини Ўзбекистонда янада илгари суриш, барча имконларни яратиш учун жуда ҳам кўп ишлар қилинди. 

Бу ерга келишимдан олдин бир мақолани ўқиб қолдим. Хусусий оммавий ахборот воситаларидан бирининг раҳбари бўлмиш (таҳр. Қамариддин Шайхов назарда тутилган) журналистимизнинг фикрларини ўқиб қолдим. У киши айтяптиларки, “Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги – бу неъматми? Бу учун раҳмат дейишимиз керакми?”. Ва ўз фикрларини билдирганлар. Мен уларнинг фикрларига унча қўшилмаган ҳолатда шуни таъкидламоқчи эдимки, ҳақиқатан ҳам матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги – бу неъмат. Бу авваламбор ҳурматли Президентимизнинг сиёсий иродалари туфайли яратилаётган шароитлар туфайли юзага келаётган неъмат . 

Тасаввур қилайлик, 2016 йилгача журналистика қандай аҳволда эди, сўз эркинлиги қандай аҳволда эди? Ҳозир умуман 180 даражада фарқли муҳитда яшаяпмиз”, дейди Асадов.

Асадовнинг фикрига нисбатан Қамариддин Шайховнинг муносабати эса қуйидагича бўлмоқда. 

“Мен ўз постимда одамлар ва раҳбарлар билан боғлиқ вазиятни ёритдим. Одамлар камерадан қочади, муаммони журналистлар айтишини хоҳлайди. Раҳбарлар эса танқидий саволга жавобни “2016 йилгача шундай гаплашиб ўтира олармидик”, дейишдан (гўё бугун буларни гаплашаётганимизнинг ўзи катта неъмат. Ортиғини талаб қилма, дегандек) бошлайди. Одамлар муаммосини айтишдан қўрқса, раҳбарлар гапни мақташ, алқашдан бошласа, журналист нима қилиши керак? 

Ўз ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинган одам, адолат ва ҳуқуқлари тикланишини сўрайди. Буни унга бериш керакми ё адолатсизликни давом эттириш? Ёки бутун жаҳонда эътироф этилган инсон ҳуқуқлари нормаларида сўз эркинлиги инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўғини сифатида кўрсатилган ва бу ҳар қандай давлатнинг гарданидаги вазифа. Буни бажариш неъматми? 

Шуни тан олиш керак, Шавкат Мирзиёев Президентликка келибоқ халқнинг ўзиники бўлган ва 2016 йилгача ундан олиб қўйилган кўп нарсаларни, жумладан ҳуқуқни, адолатни, сўз эркинлигини ўзига қайтарди. Шу боис ҳам унга ишонч юқори, шу боис ҳам одамлар уни қўллаб-қувватлаяпти. Бироқ, Президентнинг ўзи” халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқмизга хизмат қилиши керак”, деб бугунгача амалга оширган ислоҳотларини одамларнинг юзига солмаётганда, унинг қўл остидагилар буларни худди ўзи қилгандек ҳадеб неъмат дейишлари қанчалик тўғри?”, деб ёзади QALAMPIR.UZ асосчиси – журналист Қамариддин Шайхов.  


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Асадов

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг