Россияда судланган ўзбекистонлик “маньяк”нинг қотилликлари тарихи ошкор этилди
Олам
−
03 Апрель 2019
41465Аввалроқ, 10 кишини ўлдирганликда айбланаётган ўзбекистонлик "маньяк" Россияда суд қилинаётгани, ҳукмга кўра, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 2 апрель куни 45 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бахтиёр Матёқубов давомий равишда аёлларни ўлдириб борганлиги учун, Москва шаҳри суди томонидан умрбод озодликдан маҳрум этилди.
“Маньяк” сифатида қаралаётган қотил турли йилларда Ўзбекистонда, Украинада ва Россияда 10 та аёлни ўлдирган.
Қайд этилишича, унинг “ўлжа”лари фақатгина аёллар бўлган. Бунга сабаб сифатида, бир неча йиллар олдин Москвада маъшуқаси унга хиёнат қилиб ташлаб кетгани айтилмоқда.
ОАВнинг қайд этишича, жиноятчи илк бор ўсмирлик даврида Ўзбекистонда талончилик ва тажовузда айбланиб, 15 йил муддатга қамалган.
Кейинчалик, Бахтиёр Россия пойтахтига ишлаш мақсадида келгач, икки ойдан сўнг ўғирликда айбланиб, қамалган. У 2014 йилнинг ноябрь ойида қамоқдан озодликка чиқарилган. Шунданг сўнг қатор даҳшатли қотилликларни содир этишни бошлаган.
Ўткир рецидивист Москвада қариндошлари билан ижарага олган уйида яшаб келган. 2014 йил янги йил арафасида Матёқубов тасодифан ўз маъшуқасининг телефонда бегона эркак билан ёзишмаларини кўриб қолади. Натижада жанжал келиб чиқади ва маъшуқаси уни тарк этади.
Шундан сўнг, Бахтиёр ғазабига чидай олмай, кўча кезишни бошлайди. Кунларнинг бирида у Москва метросида 36 ёшли Юлия билан танишиб қолади. Юлия уни уйига таклиф этади ва жиноятчининг биринчи қурбонига айланади. Юлиянинг жасади ўз уйига яширилган ҳолатда икки йилдан сўнг топилган.
2015 йил бошида Ўзбекистонга қайтган Бахтиёр Тошкентда ҳам уч кишининг умрига зомин бўлган. Улар дорихона ходимаси, модалар уйи ишчиси ва шу ерда ишлайдиган тикувчилар эди.
Орадан вақт ўтиб, Матёқубов автобусларда Украина пойтахти Киевга етиб олади. Киевда дастлаб ити билан сайрга чиққан 45 ёшли аёлни ўлдиради. Бир неча кундан сўнг боғда сайр қилиб юрган 77 ёшли нафақадаги кампирни гумдон қилади. Шундан сўнг, у кундуз куни гул сотувчисига ҳужум қилади. Аёл бақириб ҳамманинг эътиборини тортади ва қотилнинг қўлидан қутулиб қолади.
“Маньяк” Киевдан Москвага қайтади ва янги қотилликларни режасини туза бошлайди. Тергов қарорига кўра, қотил Москвада одамлар кам бўлган жойларда аёлларга ҳужум қилган. У ҳам кундузи, ҳам кечқурун бир нечта қотилликлар содир этган. Матёқубов Россия пойтахтида 2015 йилнинг 17 мартидан 9 апрелига қадар бешта аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган. Эътиборлиси, улардан бири вояга етмаган қизалоқ бўлган.
Судда қизалоқни нега ўлдиргани тўғрисидаги саволга, қизалоқннинг сочлари сариқ ва кўзлари ёрқин мовий рангда бўлгани унга ёқмаганини айтиб ўтган.
Яна бир даҳшатли жиҳат шундаки, “маньяк” барча қотилликларини “Шерхон” номли махсус пичоғида амалга оширган.
Бахтиёр Матёқубов қўл урган қотилликларни очишда у ишлатган уяли алоқа телефонидан фойдаланилган. Аввалига телефон тўлиқ тафтишдан ўтказилган. Қўнғироқлар, ёзишмалар, у бўлган манзиллар бир-бирига боғлаб чиқилиб, калаванинг учи топилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари айбланувчи қаерда яшашини аниқлашди, у ерда тинтув давомида икки қурбоннинг қон излари бўлган кийим-кечак топилган ва жиноятчи халқаро қидирувга берилган.
Маълумотларга кўра, Матёқубов Украинада қўлга олинган ва 2017 йилда Россияга экстрадиция қилинган.
Эътиборли жиҳати, Бахтиёр Матёқубов бир неча йиллар олдин христианлик динини қабул қилган. Суд жараёнида “маньяк” ўзини камтар тутган ҳолда, қилган қотилликлари учун кечиришларини ва суддан енгилроқ жазо беришларини сўраган.
Москва суди томонидан ҳукм ўқилди. Унга кўра, Бахтиёр Матёқубов Ўзбекистонга экстрадиция қилинади. У бу ерда Тошкентда амалга оширган жиноятлари учун яна суд қилинади.
Маълумот учун, қотилнинг адвокати Марина Ефименко Москва суди чиқарган қарор юзасидан ҳеч қандай шикоят қилинмаслигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь