“Машъал” мураббийига мушт туширган раҳбар 1 йилга футболдан четлатилди

Спорт 4091
image

Аввалроқ, “Металлург” клуби раҳбари Шавкат Саидов кутилмаганда муборакликлар мураббийи Александр Хомяковнинг кўкрак қисмига мушт туширгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, “Металлург” футбол клуби ҳавфсизликни таъминламанглиги сабаб Хомяков матбуот анжуманида қатнашмаслигини маълум қилганди.

Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор футболчи ҳамда расмийларга нисбатан тартиб-интизом чоралари белгиланди. 

Суперлига 16-тури доирасидаги “Металлург” – “Машъал” (1:2) учрашуви якунига етгач, “Металлург” жамоаси расмий вакили Шавкат Саидов “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяковнинг кўкрак қисмига мушт билан зарба берди. Мазкур ҳолат жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди. Ушбу хатти-ҳаракати учун Шавкат Саидовга 1 (бир) йил муддатга ҳар қандай футбол фаолияти билан шуғулланишдан четлаштириш интизом чораси қўлланилди. Шунингдек, клубдан унга 2021 йилги мавсум учун ЎзПФЛ томонидан тақдим қилинган лицензияни 3 кун муддат ичида топшириш талаби қўйилди. 

Ўзбекистон Суперлигасининг 16-туридан ўрин огҳлган “Пахтакор” – ОКМК (1:0) учрашувида Олмалиқ жамоаси футболчиси Аббосжон Отахонов баҳснинг 82-дақиқасида тўп учун кураш бўлмаган вазиятда тирсаги билан рақиб ўйинчисининг юзига зарба бериб, ўйин қоидасини қўпол равишда бузгани учун 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди. 

Мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Шунингдек, Суперлига 16-турида “Металлург” – “Машъал” учрашуви якунидан сўнг “Металлург” футбол клуби аъзолари стадионда оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариб, ҳакамлар шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатди. “Металлург” футбол клуби учрашувда тартиб-интизомни таъминламагани, майдон ва унинг атрофида вужудга келган тартибсизликларнинг олди олинмагани учун жазоланади ва клубга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 142
Рейтинг: 2.9
t
×