Марокашда зилзила қурбонлари кескин ошди

Олам

image

Аввалроқ Марокашда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида 632 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Янгиланган маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 1037 киши ҳалок бўлган, 672 дан ортиқ киши эса жароҳатланган. Бу ҳақда “Аl Jazeera” хабар берди.

Марокаш давлат телевидениясининг мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб маълум қилишича, 205 нафар жароҳатланганларнинг аҳволи айни пайтда оғир.

Зилзила ўчоғига яқин жойлашган “Асни” қишлоғида яшовчи Монтасир Итрининг айтишича, у ердаги аксарият уйлар вайрон бўлган.

“Қўшниларимиз вайроналар остида қолди. Одамлар қишлоқдаги мавжуд воситалар ёрдамида уларни қутқариш учун астойдил ҳаракат қилмоқда”, деди у.

Зилзила эпимарказига энг яқин йирик шаҳар бўлган Марракеш аҳолисининг айтишича, UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган эски шаҳарда баъзи бинолар қулаб тушган.

Ички ишлар вазирлигининг телевидения орқали берган баёнотида зилзила Ал-Ҳауз, Уарзазат, Марракеш, Азилал, Чичауа ва Тарудант провинцияларида содир бўлганини айтиб, хотиржамликка чақирган.

“Қироллик Қуролли Кучлари, маҳаллий ҳокимият органлари, хавфсизлик хизматлари фуқаро муҳофазасига зарур ёрдам кўрсатиш ва этказилган зарарни баҳолаш учун барча воситалари, имкониятларни сафарбар қилишда давом этмоқда”, деди Ички ишлар вазирлиги вакили.

Америка Қўшма Штатларининг Геологик хизмати (USGS) маълумотларига кўра, зилзила кеча, 8 сентябрь куни кечқурун маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан кейин содир бўлган. Зилзила эпимаркази мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри бўлган Марракешдан 75 км (44 миля) узоқликда жойлашган Атлас тоғларида бўлган. 120 йилдан буён бу даражадаги катта зилзила кузатилмаган.

“1900 йилдан буён ушбу зилзиладан 500 км масофада 6 балли ёки ундан каттароқ зилзилалар бўлмаган ва фақат тўққизта 5 балли ва ундан каттароқ зилзилалар содир бўлган. Аввалги зилзилаларнинг аксарияти шарқда ҳам кузатилган”, дейилади USGS ўз веб-сайтида.

Иорданиядаги сейсмология профессори Эид ал-Таразийга кўра, бу ҳудудда яна юзлаб ерости силкинишлари юз бериши мумкин.

“Одамлар бинолардан узоқроқ туришлари керак, чунки улар қулаши мумкин. Биз зилзилалар уч-тўрт ҳафта давом этишини кутмоқдамиз”, дейди у.

Маҳаллий ОАВ эса зилзила ўчоғи атрофидаги тоғли ҳудудга олиб борадиган йўллар транспорт воситалари билан тиқилиб қолгани, қулаган тошлар билан тўсиб қўйилгани, қутқарув ишларини секинлашгани ҳақида хабар берган.

Шаҳар ҳокими Абдураҳим Довуднинг айтишича, бир нечта уйлар тўлиқ қулаб тушган, айрим жойларда электр ва йўллар узилиб қолган.

Шунингдек, у расмийлар тез ёрдам машиналари ва жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ал-Ҳауз вилоятида йўлларни тозалаш устида иш олиб бораётганини, зарарни тўлиқ ўрганиш учун кўп вақт кетишини таъкидлаган.

Мазкур воқеалар ортидан Германия канцлери Олаф Шольц Х платформасида ҳамдардлик билдирди. Айни дамда дунёнинг энг йирик иқтисодчиларининг G20 саммитига мезбонлик қилаётган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эса Ҳиндистон ушбу қийин даврда Марокашга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили ҳам БМТ Марокаш ҳукуматига зарар кўрган аҳолига ёрдам беришга тайёр эканини айтиб чиқди.

Маълумот учун, Марокашда охирги марта кучли зилзила 2004 йилда содир бўлган. Унда 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. “Аl-Xoseyma” деб номланган ушбу зилзила мамлакатнинг шимолий қирғоғида – Ғарбий Ўрта Ер денгизи билан чегарадош фаол ҳудудда кузатилган бўлиб, 6,3 магнитудали силкинишни ҳосил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Марокаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг