Саҳрои Кабир чўлини ёмғир туфайли сув босди
Олам
−
10 Октябрь
7066Марокаш жануби-шарқидаги Саҳрои Кабир чўлида кучли ёмғирдан кейин ҳудудни катта миқдорда сув босди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Марокаш расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг сентябрь ойида бир қанча ҳудудлар, жумладан, энг кўп зарар кўрган Тата шаҳрига икки кун ичида йиллик ўртача кўрсаткичдан (йиллик ўртача 250 миллиметрдан кам) кўпроқ ёғингарчилик тушган. Пойтахт Рабатдан 450 километр жанубда жойлашган Тагунит қишлоғида бир кунда 100 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғган. Мамлакатнинг Бош метеорология бошқармаси расмийси Ҳусайн Ёуабеб АP агентлигига 30-50 йил давомида қисқа вақт ичида бунчалик кўп ёмғир ёғмаганини айтган.
Агентлик суҳбатдошининг айтишича, ўтган экстратропик циклон туфайли яқин ойлар ва йилларда минтақада об-ҳаво ўзгариши мумкин – ҳаводаги намлик кўплиги сабабли буғланиш кучаяди, бу эса янги ёмғирларга олиб келиши мумкин. Марокаш ва Жазоирда сентябрь ойи бошида ёғингарчилик 20 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.
Маълумот учун, Марокашнинг жануби-шарқий чўли дунёдаги энг қурғоқчил жойлардан бири бўлиб, ёз охирида камдан-кам ёмғир ёғади. Кетма-кет олти йиллик қурғоқчилик мамлакатнинг кўп қисми учун қийинчиликлар туғдирди, бу фермерларнинг далаларни ҳайдашида, шаҳар ва қишлоқларни сув билан таъминлашда муаммоларни келтириб чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Жанубий Африкада қор ёғганди. Айрим ҳудудларда икки метргача қор ёғган. Синоптикларнинг айтишича, бу экстремал ҳолат. Нам ҳаво оқими ЖАР тоғларига яхшигина қорбўрон билан ёпирилган. 2023 йилнинг июль ойида ҳам Жанубий Африкада қор ёғган эди. Ўшангача ҳудудда қор ёғмаганига 10 йил бўлган эди.