Марказий Осиёни G7 етакчилари ҳам қўллаб-қувватламоқчи

Олам

image

G7 мамлакатлари етакчилари минтақавий муаммоларни, жумладан, Россиянинг Украинадаги агрессияси оқибатларини ҳал қилишда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини тасдиқлади. Бу ҳақда G7 етакчиларининг Хиросимадаги саммитида қабул қилинган баёнотида сўз борди.

“Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан турли минтақавий муаммоларни, шу жумладан, Россиянинг агрессив уруши оқибатлари, Афғонистондаги вазиятнинг беқарорлаштирувчи таъсири, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, терроризм ва иқлим ўзгариши каби муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлигимизни тасдиқлаймиз”, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, “Катта еттилик” мамлакатлари савдо ва энергетика алоқаларини, барқарор коммуникация ва транспортни, жумладан, Ўрта йўлакни ҳамда Марказий Осиё фаровонлигини оширишга қаратилган тегишли лойиҳаларни ривожлантиришга қатъий қарор қилгани қайд этилган.

Саммит давомида G7 етакчилари “бутун дунёга хавф солаётган” Украинага қарши тажовузни яна бир бор қоралаган. 

“Биз кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун зарур бўлган вақт давомида Украинани собит қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейилади ҳужжатда. 

G7 давлатлари Украинага дипломатик, молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдамни кучайтириш, шунингдек, Россия ва унинг ҳарбий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчилар учун санкцияларни ошириш тарафдори экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19-21 май кунлари Япониянинг Хиросима шаҳрида G7 саммити бўлиб ўтади. Унда “Катта еттилик” мамлакатлари раҳбарларидан ташқари, Ҳиндистон, Австралия, Жанубий Корея ва Украина етакчилари ҳам иштирок этмоқда. Олдинроқ саммитда қатнашиш учун Хиросимага борган Зеленский Буюк Британия, Италия, Ҳиндистон ва Германия Бош вазирлари билан учрашганди. 18-19 май кунлари эса “Марказий Осиё – Хитой” саммити бўлиб ўтган эди. Унда ҳам Хитой минтақа мамлакатларини қўллашини билдирган ва Марказий Осиё давлатларига грант асосида 26 миллиард юан (тахминан 3,72 миллиард доллар) миқдорида молиявий ёрдам беришини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё G7

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг