Марказий Осиё етакчилари Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
24 Июль 2023
10057Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 66 ёшни қаршилади. Ушбу кун муносабати билан Марказий Осиё давлатлари етакчилари Президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб, Президент туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбатлашган.
Суҳбат аввалида, Туркманистон етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Сўнгра Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан ўтказилган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Туркманистон амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Туркманистон Президенти ҳам давлат раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилаган.
Мулоқотда ўзаро савдони кўпайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Суҳбат бошида Тожикистон етакчиси давлат раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Етакчилар ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш, жумладан, қўшма кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, ёшларни кенг жалб қилган ҳолда маданий ва спорт тадбирларини уюштириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтган.
Қирғизистон етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилаган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилган.
Қозоғистон етакчиси давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Етакчилар яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини атрофлича кўриб чиққан.
Ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкент шаҳрида ва қўшма Ишчи гуруҳнинг Остона шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилган.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. 2003 йил 12 декабрдан 2016 йил 13 декабргача Ўзбекистон Бош вазири, 2016 йил 8 сентябрдан 14 декабргача Ўзбекистоннинг муваққат Президенти бўлган. 2016 йил 4 декабрдаги президентлик сайлови натижасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланган. Жорий йилнинг 9 июль куни муддатидан олдин бўлиб ўтган сайловда Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан 7 йил муддатга сайланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь