Марказий Осиё сувсиз қоладими?
Таҳлил
−
24 Январь
21731Яқинда қозоғистонлик депутат Ўзбекистон Амударёдан етарли сув ололмагач, бор эътиборини Сирдарёга қаратишини ва Қозоғистонда сув танқислиги юзага келишидан хавотир билдирди. Бир депутатнинг давлат одами ўлароқ мамлакатидаги вазиятдан хавотир олиши яхши, албатта. Аммо бизникиларчи? Қачонки худди ҳозиргидек мамлакатда ҳаво ифлосланиб нафас олиш қийинлашганидек, сувимиз ҳам қолмагандагина ўшанда эътибор бериладими? Аслида Ўзбекистондаги сув бўйича вазият Қозоғистондан қолишмайди ва бир мунча ундан хавфли ҳам. Бу ҳам етмаганидек, Афғонистондаги Қўштепа каналининг қурилиши Ўзбекистонга оқиб тушадиган сувнинг ўртача ҳажмини 15 фоизигача қисқартиради. Статистик маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатлари сув истеъмоли бўйича дунёда кучли ўнталикни банд этган. Айримлар Марказий Осиё шу ресурс учун урушади деган фикрларни ҳам илгари сурмоқда. Хўш, ростан ҳам Марказий Осиёда сув учун “уруш” бошланиши мумкинми? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.
“Сув тугаса, ер тугайди”
Олимларнинг фикрича, яқин келажакда Ўзбекистон жиддий сув ресурслари танқислигига дуч келиши мумкин. Асосий сабаблар қилиб ўз сув манбаларининг етишмаслиги, экологик муаммолар ва глобал исиш эканлиги қўрсатилади. Республикада сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Шу сабабли мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган пахтанинг экилиши ҳам қисқарди.
Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёнинг кам сонли минтақаларидан биридир. Сув ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг илк йирик шаҳарлари Самарқанд ва Бухоро Зарафшон дарёси бўйида, Урганч ва Хива эса Амударё бўйида бунёд этилгани бежиз эмас.
“Марказий Осиёда ҳар бир кишига йилига ўртача 6 минг кубометр сув тўғри келади. Бу ҳали 1-1,5 минг куб метр бўлган баъзи Африка мамлакатларидаги каби ҳалокатли эмас. Аммо, таққослаш учун, Россияда бу 30 минг. Бундан ташқари, Ўзбекистон сувдан фойдаланишнинг ярмини, Туркманистон эса ҳатто тўртдан уч қисмини хориждан олади. Минтақанинг барча халқларида “Сув тугаса, ер тугайди” деган мақол бежиз айтилмаган. Шунингдек, глобал исиш Помир ва Тян-Шан музликларининг сезиларли даражада эришига сабаб бўлди, яъни ҳар ўн йил, ҳатто йил сайин сув танқислиги янада ортиб боради”, дейди фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими Равшан Назаров “Восточний экспресс” нашрига берган интервьюсида.
Марказий Осиёда сув учун уруш бўлганми?
Марказий Осиёда ҳеч сув учун уруш бўлмаганку, энди ҳам бўлмас дерсиз. Аммо бундай ҳолатлар бўлган. Узоқ тарихга тўхталиб ўтмай, 2021 йил апрелда юз берган воқеани эсласак. Ўшанда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада қуролли тўқнашув бошланиб, икки томондан ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган эди. Можаро эса умумий чегарадаги сув тақсимлаш пункти бўйича келишмовчиликдан бошланган.
Бироқ куни кеча Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бирданига “Қўшниларимизга қанча сув керак бўлса, шунча сув берамиз”, деб чиқди.
“Сув етарли даражада тўпланмагани учун фермерлар суғориш мавсумида сув танқислигини бошдан кечирди. Бу йил биз ҳамма нарсани тозалаяпмиз. Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб янги суткалик (БСР) ва ўн кунлик (БДР) тартибга солиш ҳавзаларини қуриш бўйича кўрсатмалар бердим. Бу суткалик (БСР) ва ўн кунлик (БДР) тартибга солиш ҳавзалари биринчи навбатда қуйи оқимда яшовчи қўшниларимиз учун фойдалидир. Агар қишда тартибга солиш ҳавзаларидан эриган сувни йиғиб олсак, баҳордан дарё суви бутунлай қўшниларга оқиб ўтади. Яъни улар аввалгидан ҳам кўпроқ сув олади. Суғориш мавсумида фермерларимиз суткалик (БСР) ва ўн кунлик (БДР) тартибга солиш ҳавзалари сувларидан, қўшниларимиз эса оқар сувдан фойдаланишлари мумкин бўлади”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Сув муаммоси Марказий Осиё давлатлари учун – “Ахиллес товони”
Тарихдан “Ахиллес товони” деган атама мавжуд ва у заиф нуқта деган маънони англатади. Марказий Осиё давлатлари учун сув муаммоси “Ахиллес товони”га ўхшатилади. Ҳа сув муаммоси минтақада заиф нуқта бўлиб қолаётгани айни ҳақиқатдир.
Евросиё Тараққиёт Банки эълон қилган ҳисоботга кўра, Марказий Осиё беш йил ичида 5–12 куб метрлик сурункали сув тақчиллигига дучор бўлади, минтақадаги қишлоқ хўжалиги, саноат ва энергетика инқироз ҳолатига тушиб қолади.
Банк экспертларининг фикрича, озиқ-овқат, сув ва электр қуввати тақчиллиги аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга ва минтақадан ташқарига оммавий кўчиб кетишига сабаб бўлади.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга кўра, 2050 йилга бориб иқлимий муҳожирлар сони 5 миллион кишига етиши мумкин.
Ҳа айтганча, Марказий Осиёда сув қисқаришига биргина экологик муаммолар, глобал исиш сабабчи эмас. Евросиё Тараққиёт Банки экспертларининг фикрича, “Толибон” қураётган Қўштепа канали бир неча йил ичида Амударё оқимини деярли ярмига қисқартириши мумкин.
Қўштепа канали
Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали доимий қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудларга сув етказиб бериш орқали қишлоқ хўжалиги ландшафтини ўзгартиришга қаратилган. Қурилиш тугагач, канал 285 километрга чўзилади ва мамлакатнинг қурғоқчил шимолий вилоятларини суғоришга ёрдам беради. Ўзбекистон ва Туркманистон эса бундан хавотирда. Канал Амударё ресурсларини йўналтиради ва совет давридан буён бу манбадан фойдаланган икки давлат учун сув таъминотини тўхтатади. Ўзбекистон ва Туркманистон 2028 йилда сув йўли қуриб битказилганидан сўнг ҳозирги сув оқимининг 15 фоизгача қисмини йўқотиши мумкин.
2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон делегацияси Қобулга ташрифи чоғида Афғонистоннинг шимолий вилоятларига сув оқимини йўналтириш режасидан хавотир билдирган. “Толибон” бунга жавобан эса Қобул ҳам қўшнилари каби сувдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги ва уч давлат ўртасида бу бўйича расмий келишувлар йўқлигини билдирган.
Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Қўштепа канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Давлат раҳбари унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган эди. “Толибон”нинг энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур эса қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини, бироқ Афғонистоннинг ҳеч ким билан сув бўйича шартномаси йўқлигини билдирган.
Дарвоқе Афғонистон трансчегаравий дарёлар ва кўлларни бошқариш учун асос бўлиб хизмат қилувчи Трансчегаравий сувларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йилги конвенциянинг иштирокчиси эмас. Афғонистоннинг ушбу конвенцияга қўшилмагани, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солувчи барқарор ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги Марказий Осиёда вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Сув муаммосини биргаликда ҳал қилиш керак
“Third pole” ахборот портали муҳаррири Омар Аҳмадга кўра, сув муаммоси республикалар учун “дипломатик миналар майдони”дир. Аммо ҳар хил ихтилоф, можаролардан фойда йўқ. Вақт ўтмоқда ва борган сари фалокат минтақани қамраб олмоқда. Бугунги табиатимиз, сувимизни асрамасак келажак авлодлар тугул ўзимизга ҳам етиши даргумон. Ҳозир бирлашишнинг айни вақти. Агар Марказий Осиё давлатлари бир ёқадан бош чиқармаса аҳвол танг бўлиши аниқ. Ўзингизни ва табиатни асранг. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси