Хитой Марказий Осиё давлатларини “Толибон”ни тан олишга кўндирмоқчи

Олам

image

Хитой Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистоннинг “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Хитойнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Юэ Сяоюн “Tolonews”га берган интервьюсида сўз очди.

“Тан олиш масаласи – бу ўз вақтида рўй беради. Хитой бу йўлда нафақат сизлар билан, балки қўшнилар ва минтақадаги бошқа давлатлар билан тўлиқ маслаҳатлашади, деб ўйлайман. Энг муҳими – ҳозир Хитойнинг қўшнилар, минтақавий давлатлар ва сизнинг ички ҳукуматингиз билан олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда”, деди у.

Қайд этилишича, Хитой элчиси баъзи давлатларнинг Афғонистонда фаолият юритаётган айрим гуруҳлар борлиги ҳақидаги хавотирларига ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, у бу хавотирлар Қобулнинг мазкур давлатлар билан муносабатларига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаб, масалани уларни қониқтирадиган тарзда ҳал этиш муҳимлигини қайд этган.

Шунингдек, Сяоюн Қобул ва Исломобод ўртасидаги тарангликка тўхталиб, икки давлат муаммоларини учинчи томон аралашувисиз ҳал қилиши мумкинлигини билдирган.

“Бизнинг Покистон ва Афғонистон учун сиёсатимиз бир хил – бу қўшнилар учун умумий келажакни, минтақанинг умумий келажагини, барқарорлик, тинчлик, қайта қуриш ва умумий фаровонликка элтувчи ҳаммамиз учун умумий келажакни барпо этишдир,” деди у.

Хитойлик дипломат Афғонистоннинг қийинчиликларга қарамай, минтақавий иқтисодий марказга айланганини ҳам қайд этган.

“Бу жуда жозибали. Ушбу мамлакат ўтмишда катта давлатларнинг кураш майдони бўлган жой. Ҳозир иқтисодий ривожланиш маркази ёки бошқа мамлакатлар буни иқтисодий алоқалар маркази деб атайди,” деди у.

Шунингдек, Хитой элчиси 2023 йилда Қобул ва Пекин ўртасидаги савдо ҳажми олдинги йилга нисбатан 125 фоизга ошганини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти афғон ваколатхонасини “Толибон”га топширишдан бош тортгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Марказий Осиё “Толибон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг