Марказий Осиё раҳбарлари яна саммитда йиғилади. Бу сафар қай мақсадда?
Олам
−
29 Май 2023
17610Жорий йилнинг 2 июнь куни Қирғизистонда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 29 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати хабар берди.
“2 июнь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистон Республикаси) бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида иштирок этишни режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 27 октябрь куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишелнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтган. Унда Тўқаев “Евроосиё қалбида” ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлашга чақирган. Шунингдек, у мамлакатлар ўртасидаги савдо янада мувозанатли тузилишга эга бўлиши кераклигига ишонч билдирган. Шу билан бирга, Тўқаев яшил энергия соҳаси ҳамкорлик салоҳиятига айланиши мумкинлигига умид қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи иқтисодий форуми бўлиб ўтганди. Айнан шу куни Хитойнинг Сиань шаҳрида “Марказий Осиё-Хитой” саммити илк бор офлайн форматда бўлиб ўтди. Бунгача 9 майда Марказий Осиё етакчилари Москвада Путин билан кўришган ва Қизил майдондаги Ғалаба парадида қатнашганди. 25 май куни эса Москвадаги Катта Кремль саройида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Россия Президенти Владимир Путин билан бирга Марказий Осиё етакчиларидан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров шахсан иштирок этган, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон эса онлайн қатнашди.
LiveБарчаси