Марказий Осиё Президентлари Германияга отланяпти. Сабаб нима?
Жамият
−
22 Сентябрь 2023
19442Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Германия Федератив Республикасига ташриф буюради. Берлинга, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам ташриф буюради. Бу ҳақда Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебештрайт журналистларга брифингда маълум қилди.
Германия канцлери Олаф Шольц 28 сентябрь куни Берлинда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев музокаралар ўтказади. Муҳим мавзулар қаторида Украинадаги можаро оқибатлари ҳам бор.
“Эътибор икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, жумладан, энергетика ва иқлимни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликка, шунингдек, албатта, Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши ва унинг оқибатларига қаратилади”, дейди Штеффен Хебештрайт.
Музокаралар якунида қўшма матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралардан сўнг Шольц ва Тўқаев Европа менежмент ва технологиялар мактаби томонидан ташкил этиладиган “Берлин Глобал диалоги” конференциясида иштирок этади. Унда жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб муаммолар муҳокама қилинади. Иштирокчилар орасида Германия канцлери ва Қозоғистон Президентидан ташқари Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ва Бельгия Бош вазири Александр Де Кроо ҳам бор.
29 сентябрь куни Шольц ўз қароргоҳида Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентларини қабул қилади.
“Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари канцлернинг таклифига биноан илк бор Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бири билан фикр алмашиш учун йиғилишади”, дейди Штеффен Хебештрайт.
Унинг қайд этишича, асосий эътибор минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Саммитдан сўнг “Forbes” нашри АҚШ Президенти Жо Байденнинг янги геостратегик ташаббусида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим роль ўйнашини ёзган.