Мардикорликдан UFC’гача йўл
Интервью
−
11 Август 2023
7833Охирги йилларда Ўзбекистонда аралаш жанг санъати (MMA) оммалашиб бормоқда. Ушбу спорт турига қизиқувчи аудитория сони билан бир қаторда MMA'га ихтисослашган проумоутерларда ҳам ўзбекистонлик спортчилар сони кўпайиб қолган.
MMA оламидаги энг нуфузли промоутер бу Ultimate Fighting Championship (UFC) ҳисобланади. UFC турнирларида иштирок этиш, промоутернинг асосий кардида жанг қилиб, ғалабага эришиш ҳар бир MMA вакилининг орзуси ҳисобланади. Бугунга келиб UFC'даги Ўзбекистон вакиллари сони 3 нафарни ташкил этади. Булар шу йилнинг 21 июнида ташкилотда шов-шувли дебютни амалга оширган Нурсултон Рўзибоев, 2 сентябрь куни жиддий рақибга қарши октагонга кўтариладиган Богдан Гусков ва UFC тарихидаги биринчи ўзбекистонлик жангчи, охирги жангида америкалик тажрибали Брайан Барберенани мағлуб этган Маҳмуд Муродов.
QALAMPIR.UZ'нинг бу галги суҳбатдоши доимоий шов-шувлар остида юрадиган Маҳмуд Муродов бўлди.
33 ёшли спортчи UFC'даги кейинги жанги, Муродов профессионал лигасининг (МПЛ) кейинги тақдири ва ўзи билан боғлиқ бир қатор гап-сўзларга изоҳ берди.
“Ҳозир жароҳатим бор. UFC доимий тарзда жисмоний ҳолатимни кузатиб боради. Ташкилот бир ойдан кейин менинг жисмоний ҳолатимга қараб, қачон жанг ўтказишим мумкинлигини белгилаб беради. UFC менга кимни берса, ўша спортчи билан жанг қиламан”, дейди Маҳмуд Муродов.
Маълумки, Муродов ўзбекистонлик бошқа бир UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев билан битта вазнда жанг қилади. Агар UFC Муродовга Рўзибоев билан жанг қилишга буйруқ берса, Муродов қандай қарор қабул қилади?
“У ҳам мен ҳам UFC'дамиз. Агар ташкилот менга Рўзибоев билан жанг берса, мен шу заҳоти “йўқ”, деб жавоб бераман. Бу қароримдан кейин кимдир мени “Маҳмуд қўрқди” деб айтиши мумкин, лекин бу шунчаки одамларнинг фикри. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Ватандошим билан жанг қилиш менга ҳеч нарса бермайди”, дейди Муродов.
Шунингдек, спортчи ўзига тегишли бўлган Муродов профессионал лигасининг (МПЛ) кейинги турнирлари билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб қайтарди.
“Кейинги МПЛ турнири сентябрда ўтказилади. Ундан кейин ҳар 2-3 ойда битта турнир ўтказишга ҳаракат қиламиз”, деб айтди спортчи.
Ўз вақтида Маҳмуд Муродов Ўзбекистон фуқаролигини олишда жуда кўп қийинчиликларга учраган. У бугунги даражасига етгунча хорижда оғир ишларни бажарган, бироқ доимий спорт билан шуғулланишга имкон топган.
Интервью давомида жангчи марҳум Мурод Хонтўраев билан муносабати, қўқонлик спортчи Ҳумоюн Тўхтамуродовнинг МПЛдан кетиши билан боғлиқ саволларга ҳам аниқлик киритди.
LiveБарчаси