Маошсиз қолган Алвеш “Барселона”га қайтмоқчи

Спорт 3823
image

“Барселона”нинг собиқ футболчиси Дани Алвеш жамоага қайтиши мумкин. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.

Алвеш жорий йилнинг сентябрида “Сан-Паулу” билан маош бўйича қарздорлик сабабли шартномасини бекор қилди ва эркин агентга айланди. Лекин, бразилиялик футболчи келаси йил 1 январдан янги клубга ўтиши мумкин.

Шунга қарамай, 38 ёшли ҳимоячи аллақачон каталонияликлар раҳбарияти билан боғланиб, ўз хизматларини таклиф қилган ва бу вазиятда пул унинг учун муҳим эмаслиги ва кам маошга рози бўлишга тайёрлигини билдирган. У “Барселона”да 2008 йилдан 2016 йилгача тўп сурган ва Каталония клуби таркибида 391 ўйин ўтказиб, 21 гол ва 101 голли узатмани амалга оширган.

Маълумот учун, Дани Алвеш турли вақтларда Бразилиянинг “Бахия”, Испаниянинг “Севилья”, Италиянинг “Ювентус” ва Франциянинг ПСЖ клубларида ўйнаган. Фаолияти давомида 43 та мусобақада ғолиб бўлган ва тарихдаги энг кўп соврин қўлга киритган футболчи ҳисобланади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 210
Рейтинг: 2.9
t
×