Мануэль Нойер Бундеслигада янги рекорд ўрнатди
Спорт
−
22 Октябрь 1065 1 дақиқа
Мюнхеннинг “Бавария” клуби дарвозабони Мануэль Нойер Германия чемпионатида янги рекорд ўрнатди. У “ Альянц Арена”да ўтказилган сўнгги тур ўйинида ўзининг Бундеслигадаги 363-ғалабасини қўлга киритди ва мусобақа тарихидаги энг кўп ғалаба қозонган футболчига айланди. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
2011 йилда “Шалке”дан 30 миллион евро эвазига “Бавария”га қўшилган Нойер бу натижа билан собиқ жамоадоши Томас Мюллер рекордини янгилади. Мюллер Бундеслигада 503 та ўйинда 362 ғалаба қайд этган эди. Нойер эса 530 та ўйинда 363 ғалаба билан Мюллерни натижасини яхшилади.
Ушбу рўйхатда ундан кейинги ўринларда Оливер Кан (310), Манфред Кальц (291), Роберт Левандовский (274), Матс Хуммельс (268), Филипп Лам (250), Лотар Маттеус (249) ва Зепп Майер (249) каби афсоналар жой олган.
Рекорд ўрнатилган ўйинда Нойер айниқса Ҳарри Кейннинг биринчи голидан сўнг ҳаяжонини яшира олмади. У трибунадаги оила ва дўстлари томон муштини кўтарди. Трибунада Нойернинг рафиқаси Аника, онаси Марита ва 19 ойлик ўғли Лука ҳам бўлган.
Маълумот учун, “Бавария” дарвозабонининг жамоа билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзида якунланади. Германия нашрларининг ёзишича, клуб раҳбарияти ва мухлислар Нойерни камида яна бир мавсум сақлаб қолиш тарафдори.
Live
Барчаси