Малика Диананинг 40 йиллик кўйлаги дунёдаги энг қиммат либос деб топилди
Бу қизиқ
−
19 Декабрь 2023
12525Малика Диананинг 1985 ва 1986-йилларда кийган либоси рекорд даражада, 1 148 080 долларга (904 699 фунт стерлинг) сотилди. Бу ҳақда "The Telegraph" нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, маликага тегишли қора бахмалдан тикилган кечки либос Голливуддаги “Julien's” аукционида сотилган. Мутахассисларнинг фикрича, либоснинг асл қиймати 100 минг долларни (78 801 фунт стерлинг) ташкил этган, бироқ кўргазмада у 11 баравар қимматига харид қилинган.
Диана дизайнер Жак Азагури жамоаси тарафидан тайёрланган бу либосни икки марта кийган: 1985 йилда Италияда шаҳзода Чарльз (ҳозирги Буюк Британия қироли Чарльз III) билан қироллик гастроли пайтида ва 1986 йилда Ванкувер симфоник оркестри концертида.
Бундан ташқари, малика 1981 йилда шаҳзода Чарльз билан унаштирилгани муносабати билан ташкил этилган фотосессияда кийиб тушган блузка ҳам кимошди савдосига қўйилди. Катта жингалак ёқали блузка асл нархидан 4 баравар қимматга 381 000 доллар (300 228 фунт стерлинг)га сотилди.
Бу ҳолат илк бор содир бўлаётгани йўқ. 15 сентябрь куни “Sotheby's” аукцион уйи ўз веб-сайтида Британия маликаси Диананинг қизил жемпери 1,1 миллион доллардан кўпроққа тушганини эълон қилганди. Диана биринчи марта 1981 йил июнь ойида бўлажак турмуш ўртоғи шаҳзода Чарльз билан поло ўйинида жундан тўқилган жемперини кийган. Либос Лондоннинг унча таниқли бўлмаган “Warm & Wonderful” фирмаси томонидан тайёрланган бўлиб, ўйин вақтида олинган фотосуратлар газеталарда чоп этилганидан сўнг ишлаб чиқарувчига кўплаб буюртмалар тушган.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путиннинг 1990-йилларда халқ депутатлари Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳар кенгашида ишлаган давридаги ташриф қоғози кимошди савдосида сотувга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси