Мактабларга қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими бириктирилди – Шодмонов
Жамият
−
30 Август 2020
4818Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланиши арафасида мактабларга қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими сафарбар қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида ўтказилган мактабларда янги ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ССВ барча жараёнларда таълим мутасаддиларига мактабларда тиббий хавфсизликни таъминлаш борасида кўмак ва тавсияларини бериб боради.
“Пандемия шароитида янги ўқув йилини бошлаш жиддий тайёргарликни талаб қилади. Мамлакатимиздаги мавжуд 9942 та мактабда фаолият кўрсатадиган 480 минг нафардан ошиқ ўқитувчи ва у ерда таҳсил олаётган 6,2 миллион нафардан зиёд ўқувчининг хавфсизлигини таъминлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига ҳам қатор масъулият ва вазифалар юклайди”, дейилади вазирлик хабарида.
Алишер Шодмонов шу талабдан келиб чиқиб, кўп тармоқли марказий поликлиника, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудидаги таълим муассасаларига қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими бириктирилгани ҳақида хабар берди.
Тиббиёт ходимлари мактабларда фильтрларни ташкил этишда иштирок этади, ушбу жараёнда тана ҳарорати кўтарилган ва бемор деб топилган ўқувчилар хақидаги маълумотни ҳудуддаги тегишли муассаса раҳбарларига етказади. Шунингдек, карантинга олинган хонадон эгаларига бемор ёки улар билан мулоқотда бўлган болаларни фақат оила шифокорининг рухсати билан мактабга юбориш кераклигини тушунтиради, бемор аниқланган хонадонда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тартибини назорат қилади.
Бундан ташқари, таълим муассасасига бириктирилган тиббиёт ходимлари мактаб жамоаси ва ўқувчилар орасида коронавирус профилактикаси билан шуғулланиш, тарғибот тадбирларини ўтказиш, амалга оширилган ишлар ва бемор болаларнинг ҳолати бўйича маҳаллий ҳокимликлар, халқ таълими муассасалари каби қатор ташкилотларга тегишли маълумотларни тақдим қилиш ишлари билан шуғулланишади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15