Мактаблар ва боғчалар олдида тезлик соатига 30 км билан чекланади

Жамият

image

Энди мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофида ҳаракат тезлиги соатига 30 км билан чекланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 15 май куни қабул қилинган “Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида сўз боради.

Ушбу янги қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофида ҳаракат тезлигини соатига 30 км билан чеклашни белгилайдиган йўл белгилари ҳамда бу талабга риоя этилишини назорат қилувчи махсус техника воситаларини ўрнатади.

Ушбу чеклов дам олиш кунлари, таътил даврлари ҳамда кечки 19:00 дан эрталаб соат 07:00 гача умумий рухсат этилган тезлик даражасигача оширилиши мумкин.

Шунингдек, ИИВ икки ой муддатда йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритади. Қолаверса, қарорда Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда олти ой давомида тезлик қоидаларига амал қилинмаётган ҳудудларга электрон огоҳлантирувчи таблолар ўрнатилиши режалаштирилган. Бу ишлар кейинчалик махсус дастурлар асосида бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.

Шу билан бирга, йўллардаги барча махсус техника воситаларининг мақсадга мувофиқлиги ва техник талабларга мослиги нуқтаи назаридан махсус комиссия томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилади. Талабларга жавоб бермайдиган ва ноқонуний ўрнатилган қурилмалар олиб ташланади.

Қарорга кўра, туман ва шаҳар ҳокимликларининг ҳузурида йўл инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилади ҳамда бу маблағлар фақат шу мақсад учун сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 июндан бошлаб шаҳарларда автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишлар соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб боғча тезлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг