Максимал даражада вазмин бўлишга чақирамиз – Норов

Олам 6117
image

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Яқин Шарқдаги вазиятдан хавотирда ва максимал даражада вазмин бўлишга чақирмоқда. Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби Владимир Норов Эроннинг Хитойдаги элчиси Муҳаммад Кашоварз-Зода билан ўтган учрашувда маълум қилган. 

“Биз минтақадаги воқеалардан хавотирда эканимизни билдирамиз ва барча томонларни ушбу можаронинг энг мақбул сиёсий ва дипломатик ечимини излашга, шунингдек, Яқин Шарқдаги кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймаслик учун максимал даражада вазмин бўлишга чақирамиз”, деган Норов.  

У ШҲТ халқаро муносабатларда ҳар қандай куч ишлатишга қарши эканлигини таъкидлаб, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш БМТ низомининг асосий тамойили эканини эслатган. 

“ШҲТ ҳар доим ўзаро маслаҳатлашувлар, ички ишларга аралашмаслик, ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, ҳарбий куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш таҳдидлари, бир томонлама ҳарбий устунликдан воз кечиш ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа тан олинган нормалари асосида барча масалаларни ҳал этиш, БМТ низоми мақсад ва тамойилларига қатъий риоя қилиш зарурлигини доимий равишда таъкидлаб келади”, деган Норов. 

Маълумот ўрнида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо. Эрон Ислом Республикаси эса ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 166
Рейтинг: 3
t
×