Максим Галкин Исроилдан қочиб қолмасликка сўз берди
Маданият-санъат
−
10 Октябрь 2023
10853Россиялик ҳажвчи Максим Галкин ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Исроилда оиласи билан қолишини ва бошқа давлатга кўчиб ўтишни ўйлаб ҳам кўрмаганини ёзди.
“Исроил учун оғир кунларда биз шу ердамиз ва имконият бўлса ҳам, кетиш ҳақида ўйламаганмиз. Аэропорт очиқ. Авиакомпаниялар хавф-хатар мавжуд бўлса ҳам учишни давом этмоқда, шунинг учун мамлакатдан кетиш имконияти бор. Лекин биз ҳеч қаерга кетмаймиз. Турмуш ўртоғим Алла ва фарзандларимиз билан биргаликда исроилликларни шундай оғир дамларда қўллаб-қувватламоқчимиз. Бу катта қайғу”, деган у.
Шунингдек, Галкин Исроилда паспорт олиш учунгина яшамаётганини ҳам айтди.
“Нега фронтга бормадинг, деб сўрайдиганлар бор. Агар мен Исроил армиясида хизмат қилсам ва Исроилни ҳимоя қилиш учун асос бўлса, кетардим. Аммо мен бошқа йўл билан ёрдам бера оламан: қон топшираман. Биз мана шундай оғир дамларда Алла билан бирга русийзабон исроилликлар учун шу мамлакатда бўлишимиз муҳим, деб ҳисоблаймиз. Биз бу ерда фақат паспорт керак бўлгани учунгина яшамаяпмиз. Мен болаларимни иброний (иврит) тили мактабига бердим. Биз уларни Америка дипломатик мактабига юбориш имконига эга эдик. Лекин мен болаларим исроилликлар каби ибронийча гапиришларини хоҳлардим. Мен ҳам тил ўрганяпман”, дея қўшимча қилган юморист.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Максим Галкиннинг мухлислари ҳажвчини танқид қилиб, унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига “аллақачон “Алла бувиси” билан Исроилдан қочиб кетган”и ҳақида изоҳ ёзган эди.