Максим Галкин Исроилни қўллагани учун танқидларга учради
Маданият-санъат
−
09 Октябрь 2023
20243Турмуш ўртоғи Алла Пугачёва ва икки фарзанди билан Исроилга кўчиб ўтган россиялик қўшиқчи Максим Галкин ўзининг Instagram саҳифасида Фаластин ва Исроил ўртасида бўлиб ўтаётган қуролли тўқнашувда Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Бугун соат 6.30 да сирена овозларидан уйғондик… Бу Исроил учун қийин давр. Ҳалок бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. Биз гаровга олинганлар учун ибодат қиламиз. Исроил ғалаба қозонади”, деб ёзган Галкин 7 октябрь куни саҳифасига жойлаган постида.
Шунингдек, Галкин юмор қилиб пост остида “ушбу материал хорижий агент Максим Александрович Галкин томонидан ишлаб чиқилган ва тарқатилган”, деб ёзган.
Аммо хонанданинг ушбу пости обуначилар томонидан кескин танқидларга учради ва қисқа вақт ичида юзлаб изоҳлар қолдирилди. Улар Галкинни иккиюзламачиликда айблаб, “ватанини ҳимоя қилишга” чақирган.
Ҳозирда постга фикр билдириш имконияти ўчириб қўйилган, аввал ёзилган барча изоҳлар беркитилган. Аммо уларнинг экран суратлари интернетда тарқалган.
“Қозоғистондаги концертлар бекор қилингани жуда яхши – энди сиз Исроилни ҳимоя қилишингиз мумкин", деб ёзган обуначилардан бири.
Баъзилар Галкин ва унинг рафиқаси Алла Пугачёва аллақачон бошқа давлатга қочиб кетган, деб тахмин қилмоқда.
“Галкин, қора квадрат қаерда? Ёки сиз аллақачон бувингиз билан Исроилдан қочиб кетганмисиз? ” деб ёзган кузатувчилардан яна бири.
Галкиннинг рафиқаси, Алла Пугачёва эса ҳозирча Исроилдаги вазият ҳақида гапирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Максим Галкиннинг Қозоғистонда бўлиб ўтиши керак бўлган концертига рухсат берилмаганди. Бунга Қозоғистоннинг Россия ва Украина ўртасидаги урушда Россия томонини қўллаши, Галкиннинг эса уруш бошидан бери мамлакатининг бу хатти-ҳаракатларини ёқламагани сабаб қилиб кўрсатилганди.
LiveБарчаси