Макрон Европани АҚШ ва Хитойдан мустақил бўлишга чақирди

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон кучли ва суверен Европани шакллантиришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 27 май куни Дрезденда ёшлар билан суҳбат чоғида сўз очди.

"Европа – тинчлик, фаровонлик ва демократия тарихи", дейди Макрон.

Бироқ, унинг фикрича, Европа ҳаракат қилмаса, буларнинг барчаси хавф остида қолади.

“Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан икки йил ўтиб, Европа ўз тарихида мисли кўрилмаган лаҳзани бошдан кечирмоқда, бу эса уни ўз мудофааси ва хавфсизлиги ҳақида мустақил фикр юритишга мажбур қилмоқда”, дея таъкидлайди Макрон. 

У НАТО доирасида иттифоқчи сифатида ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаб, "Европа хавфсизлиги хавф остида" эканини қўшимча қилди. 

Шу билан бирга, Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи “ўз географиясини ўзгартирмаслигини”, Россия эса “эртага ва ундан кейин ҳам” қўшниси бўлиб қолишини тан олди.

“Иқтисодий жиҳатдан Европа давлатлари ҳам Хитой ва АҚШ рақобати олдида янада суверен ва мустақил бўлиши керак. Бизнинг Европа ўзини қайта кашф қилиши, тўғрироғи келажак авлодлар учун янги ўсиш парадигмасини қуриши керак”, дейди Франция раҳбари. 

Бугун, 28 май куни Макрон Мюнстерга ташриф буюради, у ерда унга Европадаги садоқат учун Вестфалия тинчлик мукофоти топширилиши режалаштирилган. Шундан сўнг Берлин яқинидаги Месеберг қалъасидаги саройда Франция ва Германия ҳукуматлари музокаралар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Эммануэль Макрон 26 май куни Германияга борганди. Бу Франция Президентининг 24 йил ичида Германияга илк давлат ташрифидир. Илгари Франция раҳбарлари Германияга фақат амалий ташриф билан келган.

Макрон ташрифининг биринчи куни Берлинда Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашди, шунингдек, Германия Асосий қонуни қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этди.

Маъмура Тўраева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг