Макрон Европа хавф остида эканини айтди

Олам

image

Европа ўзини ҳимоя қилиш учун етарли воситаларга эга эмас, у хавф остида. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон YouTube'даги каналида фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб бераётганида сўз очди.

“Агар холис назар билан қарасак, биз европаликлар ўзимизни ҳимоя қилиш учун етарли воситаларга эга эмасмиз. Шунинг учун, биринчи навбатда, биз ҳарбий ва геосиёсий жиҳатдан хавф остидамиз”, деган Макрон.

Унинг сўзларига кўра, бу хавф Украина можароси билан боғлиқ бўлиб, унинг иштирокчиларидан бири Россия “ядро қуроли ва Европа ҳудудига етиб бора оладиган ракеталарга эга”. Бундан ташқари, Президентнинг сўзларига кўра, Европага таҳдид дунёнинг ҳамма жойида – Хитой, АҚШ, Россия, ядровий қурол ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаётган Эрон ва бошқа мамлакатларда қурол-яроғ кўпайтириш жараёни кечаётгани билан боғлиқ.

Украинадаги уруш ҳақида тўхталар экан, Макрон Европа Иттифоқи яқин ҳафталарда Киевга ёрдамини кучайтиришини урғулади.

"Бизнинг келажагимиз ва хавфсизлигимиз Украинада хавф остида. Шунинг учун, мен айтганимдек, биз украиналикларга кўпроқ жиҳозларни етказиб беришимиз керак", дея қўшимча қилди Франция раҳбари.

Бундан ташқари, Макроннинг фикрича, агар россияликлар бирор нуқтада ҳаддан ошиб кетса, Европа уларни тийиб туришга тайёр бўлиши керак.

“Мен чин дилдан умид қиламанки, биз урушга бормаймиз, Франция уруш кучи эмас, балки тинчлик кучи. Лекин, агар биз тинчликни хоҳласак, уни ҳимоя қилишимиз керак. Шунинг учун биз тўхтатувчи бўлишимиз ва рақибларимизга нисбатан ишонарли тарзда “агар сиз ҳаддан ташқари узоққа бориб, бизнинг манфаатларимиз ва ўз хавфсизлигимизга таҳдид солсангиз, биз аралашиш имкониятини истисно қилмаймиз” дея олишимиз керак”, деди Макрон.

Шунингдек, Макрон Европа иқтисодий ва технологик жиҳатдан хавф остида, деб ҳисоблайди.

“Бугун биз иқтисодий таназзул хавфига дуч келяпмиз. Биз жуда кўп тартибга соламиз, етарлича сармоя киритмаяпмиз, молиявий имкониятларимиз етарли эмас”, дейди давлат раҳбари.

У сўнгги 30 йил ичида Европа Иттифоқи иқтисодиётининг ўсиши АҚШга қараганда икки баробар секинроқ бўлганига эътибор қаратди. Шунинг учун, Макрон иқтисодиётни карбонсизлантиришни жадаллаштириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни таклиф қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Франция раҳбари апрель ойи охирида Сорбоннада сўзлаган нутқи чоғида Европа “ўлиши” мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи “АҚШнинг вассали” бўлмаслиги кераклигини айтган ва қитъада янги хавфсизлик стратегиясини муҳокама қилиш нияти ҳақида гапирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Франция Европа Украина Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг