Макрон Россия-Украина можароси пайтидаги саъй-ҳаракатлари учун мукофотланди
Олам
−
28 Май
3950Франция Президенти Эммануэль Макрон 2024 йил учун Халқаро Вестфаль тинчлик мукофоти билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими бугун, 28 май Макроннинг Германияга уч кунлик ташрифининг сўнгги кунида Мюнстер шаҳрида бўлиб ўтди.
"Сиз шунчаки бажарувчи эмассиз, сиз илҳомлантирувчисиз, бошқалар чегаралар ҳақида гапирганда, сиз уфқлар ҳақида гапирасиз", деган Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер маросимда.
Мукофот Франция раҳбарига “Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланишидаги можарони тўхтатиш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари” учун берилди.
"Эммануэль Макрон Россия ҳужумидан анча олдин Европа суверенитетига чақирган", дейди мукофот ҳакамлар ҳайъати раиси Штайнмайер.
У Макронни “эҳтиросли европалик” деб атади ва унга Франко-Германия муносабатларига содиқлиги учун миннатдорчилик билдирди.
“Бугун Франция ва Германиянинг бир-бирига яқин экани – мен бунга аминман – сиз каби одамлар туфайли... Сиз ҳар доим Германия билан учрашишга тайёрсиз, муҳокамаларни бошлайсиз, бизни у ерда ҳам ва бу ерда ҳаракат қилишга мажбурлаяпсиз”, деган Германия Президенти.
Маълумот учун, Халқаро Вестфаль тинчлик мукофоти 1998 йилда Мюнстер ва Оснабрюк шаҳарларида вайронагарчиликка олиб келган Ўттиз йиллик урушдан кейин тузилган Вестфаль шартномасини (1648 йил) хотирлаш учун таъсис этилган. Мукофот ҳар икки йилда топширилади. Ғолиб 100 минг евро олади. Бу энг йирик немис тинчлик мукофоти бўлиб, у Европа интеграциясига алоҳида ҳисса қўшган одамлар, ташкилотлар ёки давлатларга берилади.
26 йил давомида мукофот Чехия Республикасининг биринчи президенти Вацлав Гавел, Германиянинг собиқ канцлери Гельмут Коль ва Гельмут Шмидт, Франциянинг собиқ президенти Валери Жискар д'Эстен, БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан, Халқаро космик станция экипажи аъзолари, Иордания қироли Абдулла II ва Болтиқбўйининг учта давлати – Эстония, Латвия ва Литвага топширилган.