Макрон Қозоғистоннинг вассал бўлишдан бош тортганини олқишлади – “France24”
Олам
−
03 Ноябрь 2023
7628Франция Қозоғистонга мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш учун Ground Master 400 ҳаво ҳужумидан мудофаа радар тизимларини етказиб беради. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон Остонага ташрифи чоғида маълум қилган. Унинг сўзларини “France24” нашри келтирмоқда.
Қайд этилишича, Франция раҳбари мамлакатнинг Қозоғистон билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тўлдириш ва тезлаштириш истагида эканини билдирган. Макрон шимолда Россия ва шарқда Хитой билан чегарадош Қозоғистонга геосиёсий босим бўлаётганини айтган.
“Буюк давлатлар гегемон бўлишни хоҳлаётган, минтақавий давлатлар эса олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб қолган дунёда мен сиз дуч келишингиз мумкин бўлган геосиёсий қийинчиликлар, босимлар ва баъзан зарбаларни кам баҳоламайман”, дейди Макрон Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга.
Бундан ташқари, Франция Президенти “Қозоғистоннинг вассал бўлиш йўлидан бош тортганини” олқишлаган.
Ўз навбатида, Тўқаев Франция ўз мамлакатининг Евроиттифоқдаги асосий ва ишончли ҳамкори эканини ва уларнинг ҳамкорлигига қўшимча туртки бермоқчи эканини айтган.
“Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси бўлиб, Европада истеъмол қилинадиган ядро ёқилғисининг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этади”, дейди Тўқаев.
Франция Қозоғистондаги энг йирик хорижий инвесторлар бўйича Хитойдан олдин бешинчи ўринда туради, бунинг асосий сабаби, энергетика гиганти TotalEnergies компаниясининг Қашағон денгизидаги нефть конини ўзлаштиришнинг йирик лойиҳасидаги иштироки туфайли.
Ground Master 400 турли баландликдаги нишонларни, ҳатто кичик учувчисиз учиш аппаратларини ҳам аниқлашни таъминловчи кенг диапазонли зенит радаридир. Тизим 20 футлик стандарт контейнер ўлчамидаги битта контейнерда жойлашган ва оғирлиги 10 тоннадан кам. Инструментал масофа - 470 км, аниқлик - 50 м.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Франция раҳбари Эммануэл Макрон Қозоғистонга ташриф буюрди. У ташрифи давомида ушбу мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан қозоқ миллий ўйинини ўйнаганди.