Махсус комиссия қарорлари нега оммага эълон қилинмайди?

Жамият

image

Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорлари расман оммага эълон қилинмаётгани кўпдан бери мунозараларга сабаб бўлиб келяпти.

Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида  бўлиб ўтган брифингда қатор саволларга жавоб бериш баробарида, махсус комиссия қарорлари нега оммага эълон қилинмаслигига ҳам тўхталиб ўтди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилганлиги сабабли ва улар давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли Республика махсус комиссиянинг қарорлари тўлиқ эълон қилинмаяпти.

“Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтираётган бир масала Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ва Махсус комиссиянинг кейинги қарорлари (протоколлари) тўлиқ шаклда эълон қилинмаётгани ва уларнинг ёритилишидир.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган эди, аммо қуйидаги объектив ва мантиқий сабабларга кўра эълон қилинмаган:

•    Дастур биргина ҳужжатдан иборат эмас, у ўз ичига комплекс чора-тадбирларни олади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам эмас ва шунга кўра, мажбурий эълон қилиниши шарт эмас;
•    унга мамлакатимизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилган бўлиб, давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли ушбу маълумотларни ошкор қилиш мақсадга мувофиқ эмас;
•    ҳужжатда вазирлик ва идораларга фуқароларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муайян вазифаларни бажариш бўйич асосан ташкилий чоралар кўзда тутилган;
•    Дастур юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди, умуммажбурий қоидалар киритилишини кўзда тутмайди.
•    Таъкидлаш жоизки, коронавируснинг олдини олиш ва унга қарши кураш дастур қабул қилиш билангина чекланиб қололмайди, бу Махсус комиссияга юклатилган кенг кўламли вазифаларни бажариш йўлидаги фақатгина биринчи қадамлардан бири эди.

Дастур – кечиктириб бўлмайдиган чоралар мажмуасидир, мазкур масалада қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари, ҳукумат қарорлари, махсус комиссия қарорларининг барчаси дастурни тўлдиради”, дейди вазир ўринбосари.

Унинг билдиришича, коронавирусга қарши кураш жараёни содир бўлаётган воқеаларга тезкор муносабат билдириш ва эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига нисбатан сафарбарлик ва бошқа резервларни ишга солиш бўйича қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиш лозимлигини кўрсатди, бу борадаги маълумотлар эса чекланган характерга эга.

“Шу боис, махсус комиссиянинг протоколлари ҳам қисқартирилган кўринишда эълон қилинади. Протоколларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилади”, деди Музраф Икромов изоҳида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 13 872 нафарга етди. Ҳозиргача уларнинг 8030 нафари соғайган ва 64 нафари вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг