Махачев учун энг кучли рақибман – Дариуш PR’ни бошлади
Спорт
−
02 Декабрь 2021
2881UFC енгил вазн тоифаси жангчиси эронлик Бенеил Дариуш (21-4-1) россиялик Ислам Махачев (21-1-0) билан жанг ҳақида фикр билдирди ва Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг жамоадоши ғалаба қозонган тақдирда қўшимча бонус тўланиши ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди.
“Ислам маҳоратли ва кўп қиррали жангчи, лекин мен ҳам у ижро этаётган ҳаракатларни қила оламан. Ҳатто, ундан-да яхшироқ. Февраль ойида кўплаб одамларнинг қарашларини буткул ўзгартираман. Махачев ва мен жуда ўхшашмиз ва чапақаймиз. Биз яхши жангчилармиз ва “стойка”да қандай ишлашни биламиз. У ажойиб курашчи, финтлардан, турли бурчаклардаги зарбалардан фойдаланади. Лекин мен унинг учун энг кучли рақибман, чунки буларнинг барчасини мен ҳам қила оламан”, дейди Дариуш.
Шунингдек, 32 ёшли эронлик жангчи собиқ чемпион ва Махачевнинг жамоадоши Ҳабибнинг гапларига жавоб қайтарди:
“Ғалаба учун Махачевга икки баробар бонус? Бу мени кулдирди. Ҳабиб бу ҳақда гапириб, шоуга драма қўшишга қарор қилди. Мен ҳатто Али Абделазизга қўнғироқ қилдим ва ҳазиллашиб, “бургут”ни менежер қилиб олмоқчи эканлигимни айтдим. Гап шундаки, бу жанг шартномасининг стандарт банди ва менда ҳам бор. Шартномамда икки баробар бонус бор ва бу ҳар доим ҳам мен курашаётган рақиб номига боғлиқ эмас. Аммо Ҳабибнинг қилаётган ишларини қадрлайман – у бизнинг жангимизни оммалаштирмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, Дариуш ва Махачев ўртасидаги жанг 2022 йилнинг 27 февраль куни “UFC Fight night 203” турнири доирасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маълумот учун, ушбу турнирда ўзбекистонлик ярим ўрта вазн тоифаси жангчиси Маҳмуд Муродов (25-6) UFC’даги 5-жангини Литва вакили Михаил Циркуновга қарши ўтказади.