Макгрегор 18 ойга дисквалификация қилинди
Спорт
−
09 Октябрь 6446
UFC’нинг 66 кг ва 70 кг вазн тоифаларидаги икки карра чемпиони, 37 ёшли ирландиялик жангчи Конор Макгрегор антидопинг қоидаларини бузгани учун 18 ойга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда “ESPN MMA” нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Конор 2024 йилда уч марта ўз жойлашуви ҳақидаги маълумотни тақдим этмаган, натижада назоратчилар ундан биоматериал намунасини ололмаган. Бу ҳолат автоматик равишда қоидабузарлик ҳисобланади.
Бироқ Макгрегор тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилгани ва жавобгарликни тан олгани сабабли одатдаги икки йиллик дисквалификация муддати 18 ойга қисқартирилди. Шундай қилиб, унинг четлатилиш санаси 2024 йил 20 сентябрдан бошланади ва жангчи 2026 йил 20 мартда октагонга қайтиш имкониятига эга бўлади.
Макгрегор келаси йилнинг июль ойида октагонга қайтиб, Оқ уйда ўтказиладиган UFC турнирида жанг қилишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Макгрегор 2023 йил апрелда UFC ташкилотига қўшилган ва шу пайтгача 14 та жанг ўтказиб, ўнта ғалаба ва тўртта мағлубият қайд этган. 2021 йил июлда у жароҳат туфайли америкалик Дастин Порьега мағлуб бўлганидан сўнг, ҳозирга қадар октагонга қайтмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конор Макгрегор мазкур жанг кечаси юзасидан UFC билан эмас, балки АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.
Жаҳонгир Иномжонов
Live
Барчаси