Алламжонов газеталар бош муҳаррирларини журналист-ходимлари тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди

Жамият 2073
image

Хабарингиз бор, QALAMPIR.UZ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов билан мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлиги, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, пандемия оқибатида кутилаётган инқироз ва бунинг ОАВга таъсири ҳақида суҳбатлашган эди. Ушбу суҳбатда Алламжонов ўзбек матбуоти ҳам дунёдаги жараёнларга мослашиши, анъанавий газеталарнинг келажагини кўрмаётгани, улар онлайн нашрларини ишга тушириши кераклигини айтди. Ушбу фикрлар кўп йиллардан буён босма нашрларда ишлаётган устоз журналистларни ранжитган кўринади. Ижтимоий тармоқларда “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ва "ХХI аср" газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилнинг эътирозли фикрлари тарқалди. 

“Жамиятга асл ҳақиқатлар аслида керак бўлса, матбуот ўлмайди. Сиз уни ўлдиришга шошилманг, ундан кўра ўзингизга умр тиланг, биродар, аслида кўп кўрган бу тарих- ажал билдирмайин келади”, дейди Ҳусан Эрматов.

Комилжон Алламжонов ўзи томонидан айтилган фикрлар янглиш тушунилаётгани, эртами ё кеч миллий ОАВ бу муаммолар билан тўқнаш келишини, газеталар вазиятга мослашиши кераклигини яна бир бор таъкидлади. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай ёзади. 

“Ҳурматли, юзлаб журналистларга ойлик маош тўлаб, уларнинг турмуш тарзига масъул бўлган босма нашрларимизнинг бош муҳаррирлари! Мени роса койибсиз, дилингиз оғриганини билдирибсиз. Лекин битта саволга жавоб беринг.

Қани айтингчи, бугун иқтисодий аҳволингиз қандай? Журналистларга ўз вақтида ойликларни тўлашга қийналмаяпсизми? Қўл остингиздаги ҳалол ва ватанпарвар ходимларингиз келажаги ҳақида қайғуряпсизларми? Мана бир мисол, айни шароитда газеталарнинг қоғоз вариантини қандай қилиб ўқиш мумкин? Уни тарқатиш ҳам мумкин эмас, муштарийлар кўчага чиқиши ҳам мумкин эмас. Ҳамма карантинда. Фақат биз эмас, барча ташкилотлар карантинда дерсиз. Ундай бўлса ўқувчилар янгилик ва маълумотларни қаердан олиши керак? Пандемия вақтида халқни хавфдан ким огоҳ этади, ким аҳоли орасида тарғибот олиб боради? Албатта веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ёки телерадиоканаллар. Улар тинимсиз ишлаб турибди. Рекламадан озми кўпми даромад қилишяпти, ходимлари рўзғорини тебратмоқда.

Айнан шу карантин даврида ўқувчиларингиз аллақачон бошқа ресурсларда. Эртага Сизларга обуна бўлган минглаб муштарийлар карантин давомида қоғоз вариантдаги газеталарни олмаганликларини, шу сабабли улар билан қайта ҳисоб-китоб қилишингизни талаб қилишса, унда янада оғирроқ иқтисодий аҳволга тушиб қолмайсизми?

Гап босма матбуотнинг ёпилиши ёки газеталарнинг тугатилиши ҳақида кетмаяпти. Гап уларнинг ахборотни аҳолига қандай форматда етказиши ҳақида бормоқда.

Сизга даъватим, имкон қадар тезроқ замонга мослашинг, босма нашрингизни рақамлаштириш чораларини изланг. Ходимларингиз тақдирига бефарқ бўлманг. Акс ҳолда молиявий аҳволингиз янада қийинлашиши мумкин. Аччиқ ҳақиқат шуки, бугунги кунда бутун дунёда айнан босма нашрларнинг тараққиёт стратегияси ўзгарди. Ҳаттоки газета чоп этадиган ускуналар ишлаб чиқарилиши ҳам камайтириляпти. Манаман деган катта босма нашрлар қоғоз версиясини бутунлай тўхтатиб, онлайн форматга ўтмоқда.

Масалан, 2 кун олдин Буюк Британиянинг The Weekly News нашри май ойидан бошлаб қоғоз вариантда чиқишни бутунлай тўхтатишга қарор қилганини маълум қилди. Энг консерватор ва қадриятларини ўта қаттиқ ҳурмат қилувчи инглизлар ҳам 165 йилдан буён чоп этиладиган ушбу отахон босма нашрнинг қоғоз вариантидан воз кечиб, янги замон талабларига мослашишни ва онлайн форматга ўтишни бугунги куннинг энг тўғри қарори, деган фикрга келган. Ёки катта обрў ва ҳурматга эга бўлган Newsweek, U.S. News & World Report ва La Tribune нашрлари ҳам аллақачон бутунлай қоғоз форматдан воз кечиб, онлайнга ўтишган. Бунақа мисоллар жуда кўп.

Хуллас, мақсадим кимларнингдир дилини оғритиш эмас, барчамизга кўриниб турган хавфдан Сизларни огоҳлантириш ҳамда бизнес моделингизни қайта кўриб чиқиш ва замонга мослашишни тавсия қилишдир”.

Комилжон Алламжонов билан видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 2.9
t
×