Магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохта – Тошқулов
Жамият
−
29 Июль 2022
109282022-2023 ўқув йилида магистратура босқичида ўқиш учун ҳужжат топшираётганларнинг 70 фоизи хорижий тилни билиш бўйича сохта сертификат тақдим этган. Бу ҳақда кеча, 28 июль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ижодий, касбий имтиҳонларини шаффоф ўтказиш бўйича йиғилишда айтиб ўтди.
Тошқулов йиғилишда магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилаётганини қаттиқ танқид қилган.
Вазир масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олиш, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текшириш, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича зарур кўрсатма берган.
Йиғилишда асосий эътибор айни кунда бошланган ижодий, касбий имтиҳонларни шаффоф ва холис ўтказиш бўлган. Тошқулов масъулларга имтиҳонларни назорат қилишга жалб этилган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар учун етарли шароитлар яратиш, жумладан жараёнларни адолатли ўтказишда ҳалоллигини кўрсатган мутахассисларни катта миқдордаги қўшимча пул мукофотлари билан рағбатлантириш зарурлигини таъкидлаган.
Касбий имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича жами қабул параметрлари 2 515 тани ташкил этади. Маълумотларга кўра, рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 млн 200 минг нафардан ошган. Улардан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 60 177 нафар, тест билан биргаликда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони эса 66 371 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан жорий йилдан магистратурага қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади