Магистратурага кириш учун яна бир имтиёз жорий этилади
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
12227Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёш кадр қилиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳар йили бўлиб ўтадиган Олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, республика фан олимпиадалари тизимини такомиллаштиришнинг самарали механизмини яратилади.
Олимпиада ғолиблари ва уларнинг илмий раҳбарларини рағбатлантириш тартиби
Олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалар фан олимпиадаларида қатнашиб, унинг якуний босқичида мутахассислик фанларидан биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган талабаларга, ғолиб бўлган фан бўйича магистратурага кириш имтиҳонларининг максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва икки йил муддат давомида амал қилувчи гувоҳнома тақдим қилинади ҳамда ғолиб талабаларнинг барчасига вазирликнинг 1, 2, 3-даражали дипломлари берилади.
Олимпиада ғолиблари халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатига киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда магистратурага қабул қилинган олимпиада ғолибларига "Устоз-шогирд" тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган фан докторлари ва малакали мутахассислардан иборат илмий раҳбарлар бириктирилади.
Олимпиаданинг якуний босқичи ғолиблари, уларнинг илмий раҳбарларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун – 5 баробар, илмий раҳбарга – 5 баробаргача,
2-ўрин учун – 3 баробар, илмий раҳбарга – 3 баробаргача,
3-ўрин учун – 2 баробар, илмий раҳбарга – 2 баробаргача.
Тасарруфида ОТМлари бўлган вазирликлар ва идоралар ОТМларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан олимпиадада ғолиб бўлган талабалар, уларнинг илмий раҳбарлари ҳамда олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишда фаол қатнашган ходимларни моддий рағбатлантиришга ҳақли.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси