МАГАТЭ экспертлари ЗАЭСда қачонгача қолиши айтилди

Олам 3570
image

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) экспертлар гуруҳи вазиятни баҳолаш учун 4 ёки 5 сентябргача Запорожье атом электр станциясида (ЗЕЭС) қолади. Бу ҳақда ташкилот бош директори Рафаэль Гросси маълум қилган. 

"МАГАТЭдан иккита техник экспертлар гуруҳи бор. Битта гуруҳ ЗАЭСда якшанба ёки душанбагача (4 ёки 5 сентябр – таҳр.) вазиятни баҳолаш учун ишлайди. Улар биринчи саволларни шакллантиришлари, биринчи маълумотларни тақдим этишлари керак. Дастлабки баҳолаш ўтказилади, шундан сўнг улар ҳисобот тайёрлайдилар. Шундан сўнг биз станцияда доимий иштирок этишимизни, яъни ЗАЭСда МАГАТЭ экспертларининг доимий бўлишини таъминлашни режалаштирмоқдамиз”, дейди Гросси. 

Унинг сўзларига кўра, МАГАТЭ авария тизимлари, дизель генераторлари, ЗАЭС қувват блокларининг блок қалқонларини текширган. 

“Биз авария тизимлари, дизель генераторлари, атом энергетика блокларининг блок қалқонлари ва бошқа элементларни кўриб чиқдик”, дейди Гросси. 

Унинг таъкидлашича, атом электр станциясининг яхлитлиги бир неча бор бузилган.  

“Стануия ва унинг жисмоний яхлитлиги бир неча бор бузилгани аниқ, бизда тасодифанми ёки атайлаб баҳо бериш учун зарур элементлар йўқ”, дейди Гросси.

Айтиш жоизки, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олган. 1 сентябрь куни экспертлар ўз ишини бошлади. 

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 53
Рейтинг: 3
t
×