Мадримов - Кроуфорд оқшомида яна кимлар рингга чиқади?
Спорт
−
24 Апрель
7739Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов 3 август куни Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ва Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBA) камари учун америкалик енгилмас Теренс Кроуфордга қарши жанг қилади. Мадримов-Кроуфорд жанги бўладиган кечада яна бир қатор бокс юлдузлари рингга кўтарилиши кутилмоқда.
Маълум бўлишича, Австралия вакили Тим Цзю (24-1, 17 КО) ҳамда америкалик Вержил Ортис (20-0, 20 КО) ҳам 3 август куни ўтказиладиган бокс кечасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олади, бироқ Ортис Цзюга қарши жангни кафолатлаши учун 27 апрель куни пуэрто-риколик Томас Дулорме қарши баҳсда ғалаба қозониши керак.
Қайд этиш жоиз, россиялик бокс афсонаси Константин Цзюнинг ўғли ҳисобланган Тим охирги жангини Себастян Фундорага қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра мағлубиятга учраган. Ўз навбатида Мадримов-Кроуфорд жанги ғолиби кейинчалик айнан Фундора билан тўқнаш келиши мумкин.
Шунингдек, Мадримов-Кроуфорд оқшомида супер оғир вазндаги америкалик машҳур боксчи Энди Руис ҳам жанг қилади. 34 ёшли Руисга 35 ёшли ҳамюрти Жаррел Миллер рақиблик қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мадримов Кроуфордга қарши жанг бўйича матбуот анжуманида иштирок этиши учун Америкага учиб кетгани хабар қилинганди.