Маданият институти бўлим бошлиғи 4 йилга қамалди
3-саҳифа
−
19 Декабрь 2023
13229Аввалроқ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бўлим бошлиғи пора олаётганда ушлангани хабар қилинганди. Суд уни 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқув-услубий бўлим мудири Абдурасул Ўрозов жорий йилнинг 28 июлидан бери қамоқда сақланмоқда.
У институт ректорининг тегишли буйруғига асосан 2023-2024-ўқув йили учун қабул комиссияси масъул котиби вазифасини бажарган. Шу даврда у ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқарони пора эвазига ижодий имтиҳонлардан юқори балл тўплашига ёрдам бериши ва шу йўл билан уни институтга тўлов-контракт асосида ўқишга киритиб қўйишга келишган.
28 июль куни соат 22:10 лар атрофида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ўрозов ўз бошқарувидаги автомашина ичида фуқаро билан учрашиб, ундан 4.800 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ва суд Абдурасул Ўрозовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-модда (Пора олиш)си 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-модда (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш)сини қўллаб, 2 йил муддатга таълим соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд жазони манзил колонияларда ўташни ва жазо муддати 2023 йил 28 июль кунидан бошлаб ҳисобланишини белгилаб берган.
LiveБарчаси