Мэрилин Монронинг Нью-Йоркдаги уйи сотилади

Маданият-санъат 8491
image
-

Одатда машҳур шахслар яшаган уйлар музейга айлантирилади. Бироқ актриса Мэрилин Монро яшаган Нью-Йоркдаги хонадоннинг ҳозирги эгалари мўмай даромад мақсадида уйни 3,05 миллион долларга сотувга қўйган. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Мэрилин Монро турмуш ўртоғи, ёзувчи Артур Миллер билан яшаган хонадон 14 қаватли уйнинг 13 қаватида жойлашган бўлиб, умумий майдони 200 кв метрни ташкил этади. Уй  меҳмонхона, учта ётоқхона ва кутубхонани ўз ичига олган. Брокерларнинг фикрича 1927 йилда барпо этилган бинодаги хонадон учун бу нарх жуда қиммат. Аммо уйнинг ҳозирги эгалари Монро яшаган хонадон қимматроққа сотилишига ишонмоқда. Улар бу хонадонни баҳордаёқ сал кам 4 миллионга сотиш истагида бўлган, аммо эндиликда улар 3,05 миллионга қаноат қилмоқчи.

Маълумот ўрнида, Мэрилин Монронинг ҳақиқий исми Норма Жин Мортенсон бўлиб, у 1926 йилнинг 1 июнь куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида туғилган. Монро 1945 йилда моделлик агентлиги билан шартнома тузади, 1946 йилдан фильмларда суратга тушишни бошлайди. ХХ асрнинг 50-60 йилларида Мэрилин Монро АҚШ кино оламида энг ёрқин юлдузлардан бирига айланади. 

Монро уч маротаба оила қурган бўлиб, Артур Миллер билан 1956 йилдан 1961 йилгача бирга ҳаёт кечирган. Ёзувчи Мэрилиннинг учинчи турмуши эди. 

Актриса 1962 йилнинг 5 август куни 36 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига тинчлантирувчи дориларни меъёридан ортиқ ичиши сабаб бўлган.

Бойвучча хонимнинг фарзанди бўлмаган. Икки марта ҳомиласи нобуд бўлган. Шифокорларнинг тахминича, Монро кўп бор аборт қилдиргани сабаб кейинроқ ўзи истаса ҳам фарзанд кўра олмаган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 386
Рейтинг: 3
t
×