“Лукойл” Ўзбекистоннинг барча газини ташиб кетадими?
Жамият
−
01 Декабрь 2020
12272Ўзбекистонда ички истеъмол бозорига газ етмаслиги кўп ҳолларда унинг хорижга, хусусан, Хитойга экспорт қилиниши билан боғланади. Бу ўринда Ўзбекистонда газ қазиб олиш билан шуғулланувчи Россиянинг “Лукойл” компанияси кўп эсга олинади.
Энергетика вазири Алишер Султонов “Alter Ego” лойиҳасига берган интервьюсида “Лукойл” қазиб оладиган таббий газ юзасидан изоҳ берди. У Россия компанияси билан маҳсулотни тақсимлаш асосида келишув тузилганини маълум қилди.
“Биз фикрлашимизни ўзгартиришимиз керак. Бу газ “Лукойл”ники эмас. Бу ўзбек гази. МТК нима? Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисида келишув. Бу ер ости бойликлари бизники. Инвестор келади, ишлаб чиқаришга сармоя киритади ва маҳсулот бўлинади”, дейди вазир Султонов.
У сўзида давом этиб, “Лукойл билан иккита – Қандим ва Ҳисор бўйича шундай келишув борлигини айтиб ўтди. Шунингдек, бу келишувларда 50 фоиз улуш қатъий равишда Ўзбекистонга тегишли эканини таъкидлади.
“Бизда барча МТКларда камида 50 фоиз улуш давлатга тегишли. “Ўзбекнефтегаз”, Энергетика вазирлиги ва Молия вазирлиги МТК иштирокчиси бўлмайди, фақат – давлат. 50 фоиз давлатники, қолган 50 фоизда инвесторлар. Бир МТКда 50 фоиз “Лукойл”ники, бошқасида 40 фоиз “Лукойл”, 10 фоиз “Ўзбекнефтегаз”га тегишли. Шунга кўра маҳсулот тақсимланади.
Табиийки, ҳар қандай инвестор сармоя киритганда инвестициясини қайтариб олишни ўйлайди. Бу нормал ҳолат. Шундай экан, газ “Лукойл”ники дейиш нотўғри, бу МТКнинг гази, унинг катта қисми ўзбек гази. Бу газдан давлат жуда катта солиқ олади”, дейди вазир ижтимой тармоқлардаги газ борасидаги мунозаларга фикр билдириб.
Аввалроқ, энергетика соҳаси раҳбарлари иштирокидаги матбуот анжуманида Алишер Султонов “Лукойл” олдидаги 600 млн доллар қарздорлик масаласига ҳам тўхталиб ўтиб, қарз давлатники эмас, “Ўзбекнефтегаз”га тегишли эканини айтиб ўтганди.