Лукашенко журналист Протасевич ўлимга ҳукм қилиниши мумкинлиги ҳақида гапирди

Олам 6131
image

“Nexta” Telegram каналининг ҳаммуассиси Роман Протасевич ўзига ўлим жазоси хавф солаётганини айтган пайт, “нима ҳақида гапираётганини билар эди”. Бу ҳақда Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳукумат аъзолари билан учрашувда айтиб ўтди

Жорий йилнинг май ойи охирида ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси Бош прокуратураси Протасевичга қарши гўёки, у 2014 йилги Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган, деган айблов билан жиноий иш қўзғатди. Кеча, 1 июнь куни Луганск департаменти Беларусда ҳибсга олинган Протасевич билан учрашишга рухсат беришни сўради.

Лукашенко ҳукумат аъзолари билан йиғилиш доирасида Луганскнинг юқоридаги мурожаатини муҳокама қилар экан, шундай деди:

“Донбассда ушбу шахсга (Роман Протасевич — таҳр.) нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Мен Президент Путинга буни эслатиб, агар [Луганск ва Донецк] республикаларида Протасевичга нисбатан саволлар бўлса, келсин, унга саволларини берсин, деб айтдим”.

Беларусь давлат раҳбари сўзида давом этар экан, 23 май куни Минскга мажбуран қўндирилган “Ryanair” самолётининг бортида бўлган Протасевичнинг қўлга олинишига тўхталиб ўтди.

“Ахир у (Протасевич) одамларни айнан Донбассда ўлдирган ва самолётнинг қўндирилиши пайтида у ўзига нисбатан ўлим жазоси хавф солаётганини айтиб, бақирганди. У нима ҳақида гапираётганини билар эди. Протасевич Украинанинг жануби-шарқида (Донбасс назарда тутилган — таҳр.) ўзига қарши даъволар илгари сурилиши мумкинлигини тушунарди ва бу бутунлай бошқача ҳолат”, дейди Лукашенко. 

Маълумот учун, ўлим жазоси Донецкда истисно тариқасида қўлланиши мумкин (Донецк Республикаси Жиноят кодексига кўра, уруш даврида оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиши мумкин).

Донбассда жойлашган бошқа бир республика — Луганскда Протасевичга қарши жиноий иш қўзғатилган, бироқ бу ерда ўлим жазоси 2015 йилдан бери бекор қилинган. 

Қизиқ ҳолат: Протасевичнинг Донбассда “Азов” баталёни сафида кўнгилли сифатида жанг қилгани тўғрисидаги айбловлар у 23 май куни Беларусда ҳибсга олинганидан кейин пайдо бўлган. 

Протасевичнинг ўзи ўтган йили россиялик журналист Юрий Дудь билан суҳбатда Донбассда фақат фотомухбир сифатида қатнашганини айтган эди.

“Азов”нинг собиқ қўмондони Александр Билетский буни тасдиқлаган:

“Ҳа, Роман ҳақиқатан ҳам “Азов” ва бошқа ҳарбий қисмлар билан биргаликда Украинанинг босиб олинишига қарши курашган. У биз билан бирга Широкинода бўлган ва ўша ерда яраланган. Аммо унинг журналист сифатида қуроли автомат эмас, балки сўз эди”, дейди Билетский.

Шунга қарамай, 1 июнь куни Луганск Бош прокуратураси “Протасевични Донбассда тинч аҳолининг ўққа тутилиши ва фуқаролик инфратузилмасининг йўқ қилинишига алоқадор эканини” тасдиқлаган. 

Луганск қонунларига кўра, бу учун Протасевич 20 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Протасевич Беларусда оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш бўйича жиноий иш иштирокчиси ҳисобланади. Бунинг учун у максимал 15 йилга қамалиши мумкин.

Шунингдек, Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси журналист Протасевични террористик фаолиятга алоқадор шахслар рўйхатига киритган. Бунинг учун эса у қатл қилиниши мумкин. Бироқ, террористик ҳаракатлар тўғрисидаги моддалар билан Протасевичга нисбатан ҳали жиноий иш қўзғатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилди. 

Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади. 

Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.

Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?

Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.

Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган. 

Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда. 

Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).

“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди. 

Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 101
Рейтинг: 3.1
t
×