ҲАМАС қолиб энди Швейцариями? Лукашенко самолётнинг фавқулодда қўндирилишига илк бор изоҳ берди
Олам
−
26 Май 2021
10456Жорий йилнинг 23 май куни Беларусь пойтахти Минскга фавқулодда қўндирилган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти бортида бомба борлиги ҳақидаги хабар Швейцариядан келган. Бу ҳақда Беларусь Президенти Александр Лукашенко маълум қилди.
Мамлакат раҳбарининг сўзларига кўра, самолёт бортида бомба борлиги ҳақидаги хабар нафақат Минскка, аниқроғи миллий аэропортнинг электрон почтасига, балки бир вақтнинг ўзида Греция пойтахти Афина ва Литва пойтахти Вильнюсга ҳам келиб тушган.
“Самолётнинг миналаштирилгани тўғрисидаги хабар чет элдан, Швейцариядан келган. Бундан ташқари, хабар бир вақтнинг ўзида Афина, Вильнюс ва Минскга жўнатилган. Бу нафақат бизнинг аэропортимизга, балки бир вақтда жўнаш ва қўниш аэропортларига ҳам юборилган”, дейди Лукашенко.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, маълумот зудлик билан самолёт экипажига етказилган.
“Халқаро қоидаларга кўра бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, чунки ўша пайтда самолёт Беларусь чегарасини кесиб ўтган ва унинг ҳаво ҳудудида эди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Беларусь расмийлари Минскда фавқулодда қўндирилган “Ryanair” самолётида бомба борлиги ҳақидаги хабар ҲАМАС ҳаракати номидан юборилганини айтаётганди.
Ўз навбатида, Беларусь расмийларига жавобан Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати вакили Фавзи Барҳум Минскда фавқулодда қўндирилган “Ryanair” самолётини портлатиш билан таҳдид қилингани ҳақидаги хабарларни рад этган.
Маълумот ўрнида, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилди.
Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади.
Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.
Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?
Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.
Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган.
Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди.
Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15