Лукашенко ўзига қарши беларуслар сонини очиқлади
Олам
−
29 Январь 2021
5093Беларусь Президенти Александр Лукашенко сўнгги президентлик сайловларида мамлакат аҳолисининг аксарияти унга овоз берганига амин.
Лукашенконинг фикрича, фақатгина 500 мингга яқин беларуслар уни президентлик лавозимида кўришни хоҳламайди.
"Биз шундай одамлар борлигини билардик, улар кўпчилик эмас эди, фақатгина ярим миллион. Улар олдин ҳам амалдаги президентга овоз беришмаган. Айнан шу нарса сўнгги сайловларда содир бўлди. Аммо буни тушунишингиз керак, 6 миллионга яқин одам амалдаги Ҳукуматга, амалдаги Президентга овоз берди", деган Лукашенко кеча, 28 январь куни қонунчиликни такомиллаштириш бўйича йиғилишда.
У кўпчиликнинг фикри билан ҳисоб-китоб қилишга чақирган.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, амалдаги Президент ва ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш учун ўз позициясини эълон қиладиганлар сони тобора кўпаймоқда.
Лукашенконинг сўзларига кўра, Беларусь мухолифати вакиллари Бутунбеларусь халқ йиғилишига таклиф қилиниши мумкин.
"Делегатлар танланди, аммо, агар мухолифатдан кимдир қатнашиб, мамлакат номидан гапиришни истаса, биз уларни таклиф қиламиз, шунга келишдик. Яширадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Жамият бизнинг позициямизни билиши керак", деган Лукашенко.
Маълумот ўрнида, жорий йил 11-12 февраль кунлари олтинчи маротаба Бутунбеларусь халқ йиғилиши ўтказилади.
Йиғилиш илк бор 1996 йилнинг октябрь ойида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумдан олдин ўтказилган. Ўшандан бери бундай учрашувлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилиб, келгуси беш йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тасдиқлайди.
Бундай учрашувлар 2001, 2006 ва 2010 йилларда Президент сайловларидан бироз олдин ўтказилган. Бешинчи Бутунбеларусь халқ йиғилиши 2016 йилнинг ёзида Президентлик сайловларидан сўнг бўлиб ўтган.
Аввалроқ, Беларусь мухолифати ғалаба учун янги режалар тузаётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Беларусда 2020 йилнинг 9 август куни мамлакат президентлиги учун сайловлар ўтказилганди. Расмий натижага кўра, сайловда Александр Лукашенко 81 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Аммо мамлакат халқи бу натижани қабул қилишни хоҳламай, намойишга чиқди. Сайловдан кейин бир ой давомида ҳар куни тинч норозилик намойиши уюштирилди. Аммо Ҳукумат полиция ва ОМОН гуруҳини ишга солиб, митингларни тарқатишга уринди. Юзлаб одамлар қўлга олинди.
Октябрь ойидан бошлаб ҳафтанинг охирида намойиш уюштириладиган бўлди ва бу ҳозиргача давом этяпти.
LiveБарчаси