Лола Каримова ғояси билан яратилган китоб 4 йил деганда чоп этилди
Жамият
−
29 Апрель 2019
7555Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ноширлик фаолиятининг навбатдаги намунасини тақдим этди. Китоб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляеванинг ғояси билан яратилган бўлиб, уни тайёрлашга 4 йил вақт сарфланган.
Ўзбекистоннинг бой маданияти ва кўҳна ёдгорликлари, амалий ва тасвирий санъати ҳақида ҳикоя қилувчи интерактив китоб яратиш ғояси Лола Каримовада бундан 4 йил аввал пайдо бўлган эди.
“Бу – турли давлатларда яшовчи ёшу қари, турли касб-кор вакилларида қизиқиш уйғота олувчи китоб дейилса муболаға бўлмайди. Мазмун-моҳияти ва ноширлик санъати жиҳатидан ўхшаши йўқ бу китоб тарихчи, рассом, дизайнер, таржимон ва муҳаррир каби кўп сонли ижодкорларнинг тўрт йиллик меҳнати маҳсули саналади. Ушбу китоб Каримов Фонди ноширлик фаолиятининг дурдоналаридан бири бўлди”, дейди Каримова хоним.
“Uzbekistan. An experience of cultural treasures to colour” (“Ўзбекистон. Маданият дурдоналарини бўяш орқали ўрганиш”) номли ноёб китоб Каримов Фонди томонидан Европанинг “Nouveau Monde Editions” (Франция) ва “Pen and Sword Books” (Буюк Британия) нашриёт уйлари билан ҳамкорликда чоп этилган.
Китоб инглиз ва француз тилларида чоп этилиб, Amazon ва бошқа интернет сайтларда сотувга чиққан. Мазкур нашрни АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Швейцария каби давлатлар, шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиё минтақасида жойлашган бир қатор мамлакатлардаги китоб дўконларидан харид қилиш мумкин.
“Китобни чоп этишдан кўзланган мақсад ўйин шаклидаги бўяш машғулотлари орқали замондошларимизни ўзбек халқининг бой маданий мероси – муҳташам тарихий ёдгорликлар, деворий нақшу нигорлар ва кошинларнинг бетакрор гўзаллиги, мураккаб ҳандасавий шакллар, шунингдек, гиламдўзлик, каштадўзлик ҳамда кулолчилик санъатининг нафис намуналари, ўтмиш ва бугунги кун рассомларининг ижодий ишлари билан таништиришдан иборатдир”, дейди Лола Каримова.
Китобнинг ҳар бир қўшсаҳифаси чап тарафида маданий объектнинг сурати ва унинг тарихий аҳамияти хусусида қисқа маълумот берилади, ўнг тарафдаги чизмани бўяш орқали эса ўқувчи ўша асарнинг тимсолини жонлантириш имконига эга бўлади.
Лола Каримова мазкур китобни изоҳлар экан, Ўзбекистоннинг бой маданий тарихига ҳам тўхталди:
“Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон замини савдо карвонлари орқали келган кўплаб миллату элатларнинг маданий қадриятлари ва анъаналари ила озиқланган. Шу тариқа ушбу заминда ҳалигача инсониятни ҳайратга солиб келаётган ноёб маданият, бой тарихий мерос шаклланган.
Китобни совға тарзида қабул қилган кўплаб дўстларим ва танишларимдан китоб ҳақида ижобий фикрлар эшитдим. Мазкур китоб Ўзбекистонда туғилиб, ушбу заминда истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун ҳам, Ватанимиз тарихи ва маданиятига қизиқадиган чет элликлар учун ҳам ажойиб совға бўлади деган умиддамиз”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь