Ливанда вазият жиддий. Британия фуқароларини мамлакатдан кетишга чақирмоқда

Олам

image

Буюк Британия фуқароларини Ливанни зудлик билан тарк этишга чақирди, чунки мамлакатда вазият тезда ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда ТИВ баёнот берди. 

Ҳужжатда Ливанга саёҳат қилиш ҳам тавсия этилмаган. Британия Ташқи ишлар вазирлиги вазиятнинг кескинлашуви мамлакатдан автомобиль орқали чиқиш йўлларига “таъсир қилиши, чеклаши ва ёпилиши” мумкинлигини истисно этмади.

“Танглик даражаси юқори ва вазият тезда ёмонлашиши мумкин. Биз ҳали ҳам Ливандаги консуллигимиз мавжудлигини кучайтириш учун кечаю кундуз ишлаяпмиз ва у ердаги Буюк Британия фуқароларига хабарим оддий – ҳозироқ кетинг”, дейди қироллик Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми.

У “бу можаронинг кенгайиши ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келмаслигини” қўшимча қилиб, унинг оқибатлари “ҳалокатли бўлиши мумкинлиги” ҳақида огоҳлантирди.


Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Лондон элчихона фаолияти ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун Ливанга қўшимча дипломатик ходимлар ва ҳарбий хизматчиларни юборган.

“Бундан ташқари, RFA Cardigan Bay десант кемаси ва HMS Duncan эсминеси Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида жойлашган ва Қироллик ҳаво кучлари транспорт вертолётларини кутиш режимида ушлаб туради”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қайд этиш жоизки, бугун, 3 август куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг учувчисиз учиш аппарати Дамашқ-Байрут трассаси бўйлаб ҳаракатланаётган “Ҳизбуллоҳ” аскарларининг машинасига зарба берган. Тўғридан-тўғри зарба оқибатида машина ёниб кетган ва унинг ичидагиларнинг барчаси ҳалок бўлган. Ҳодиса Зарзордаги назорат-ўтказиш пункти яқинида содир бўлган.

Шундан сўнг, “Ҳизбуллоҳ” уч нафар жангчиси ҳалок бўлган ҳаво ҳужумларига жавобан Ғарбий Жалиладаги исроиллик аҳоли пунктларига бир неча марта ракета зарбалари берди. Ҳаракат баёнотида Авивим, Барам ва Шломи шаҳарларидаги Исроил ҳарбий базалари ўққа тутилгани айтилган. 

“Душман кучларига ўнлаб ракеталар отилган, душманнинг ишчи кучи ва техникасидаги йўқотишлари қайд этилган”, дейилади хабарда.

Исроил армияси матбуот хизмати бир соат ичида Ливандан Исроил шимолидаги Юқори ва Ғарбий Жалила ҳудудларига кўплаб ракета ва снарядлар учирилганини маълум қилди. Билдирилишича, артиллерия жавобан ўқ узилган ҳудудларга зарба берган.

Ҳарбийларга кўра, снарядлардан бири Исроил шимолидаги Авивим қишлоғи яқинига тушган. Матбуот хизмати ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ливан пойтахти Байрутдаги Швеция элчихонаси вақтинча ёпилиши хабар қилинганди. 1 август куни Қирғизистон ҳукумати ҳам Исроил ва Ливандаги вазият ёмонлашгани сабабли ўз фуқароларига вақтинчалик бу давлатларга саёҳат қилмасликни тавсия қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Ливан фуқаролар Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг