Ливанда молиявий инқироз ортидан намойишлар бошланди
Олам
−
30 Апрель 2020
3322Бугун, 30 апрель куни бутун Ливан бўйлаб молиявий инқирозларга қарши оммавий намойишлар бошланди. Намойишчилар Байрутдаги йўлларни ва мамлакат шимолидаги Триполи портини тўсиб қўйди. Бундан ташқари, мамлакат жанубидаги Сайде шаҳридаги Марказий банк филиалига “Молотов коктейли” ва тошлар улоқтирилди. Намойишлар ва тартибсизликлар Ливан армияси билан тўқнашувларга сабаб бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Инқирознинг асосий айбдори деб ҳисоблаган Марказий банк раҳбари Риад Салам бу ишларда алоқаси йўқлигини айтиб, айбини рад этмоқда. Риад унга қарши “мунтазам кампания” олиб борилаётганини даъво қилмоқда. Сўнгги кунларда ҳукумат томонидан ҳам Марказий банкка қарши тазийқлар бўла бошлади. Масалан, мамлакат бош вазири Хассан Диаб Саламнинг ҳаракатларини танқид қилган.
Эслатиб ўтамиз, Риад Салам 1993 йилдан бери Ливан Марказий банкини бошқариб келмоқда. У кеча, 29 апрель куни мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, ҳукуматни “мисли кўрилмаган молиявий инқироз”ни бошлашда айблади.
“Марказий банк давлатга молиявий ёрдам кўрсатди, аммо кимдир пулларни шунчаки ҳавога совурди”, деди Салам ўз мурожаатида.
Ўз навбатида, Бош вазир Хассан Диаб бошчилигидаги янги ҳукумат “узоқ кутилган” ислоҳотларни амалга ошириш учун чет элдан маблағ олишга тайёрлигини билдирган.