Ливанда қозоғистонлик офицерлар хизмат қилмоқда
Олам
−
14 Октябрь
8216Исроил мудофаа армиясининг (ЦАХАЛ) Ливан жанубидаги БМТ тинчликпарвар контингенти (UNIFIL) позицияларига бостириб киргани тўғрисидаги хабарлар фонида Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Ливандаги қозоғистонлик тинчликпарвар кучларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Ливандаги қозоғистонлик тинчликпарварлар, яъни учта штаб офицери ўз вазифаларини одатий тартибда давом эттирмоқда. Кескин вазият улар хизмат қилаётган жойдан олисда содир бўляпти.
“Агар вазият ёмонлашса, қозоғистонлик ҳарбийларни эвакуация қилиш масаласи БМТ котибияти ва миссия раҳбарияти билан биргаликда ҳал қилинади. Мудофаа вазирлиги доимо улар билан алоқада”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, кеча, 13 октябрь БМТнинг Ливандаги вақтинчалик тинчликпарвар кучлари ўз бошпаналарида бўлган пайтда ЦАХАЛнинг икки “Меркава” танки асосий дарвозаларни бузиб, БМТ позицияларига кирган. Махсус алоқа механизмлари орқали билдирилган норозиликдан кейин, тахминан 45 дақиқа ўтгач, Исроил ҳарбийлари объектни тарк этган.
Шундан сўнг, ўша позициядаги тинчликпарвар кучлар улардан 100 метр шимолда бир неча ўқ узилганини хабар қилган, оқибатда тутун пайдо бўлган.
“Гарчи улар ҳимоя ниқобларини таққан бўлса ҳам, тутун лагерга кирганидан сўнг 15 нафар тинчликпарвар тери ва ошқозон-ичак тизимидаги реакциялар, жумладан, иритацияни бошдан кечирган”, деб хабар берди UNIFIL.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Ливан жанубидаги UNIFIL тинчликпарвар кучларини ҳужумдан “зудлик билан” олиб чиқишни сўраган эди.