Ливанда Исроил ҳужумлари оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Бугун, 23 октябрь куни Исроил ҳарбий самолётлари Ливан шарқидаги Баальбек шаҳрида бир нечта жойларни бомбардимон қилди. Ҳодиса оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда NNA хабар берди.

Қайд этилишича, жанговар самолётлар шарқий тоғ тизмасидаги Жанта шаҳарчаси атрофини нишонга олган, ҳужумлар Баальбекнинг ғарбида жойлашган Шмастар шаҳарчаси яқинидаги бир нечта жойларга ҳам ёйилган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил зарбалари оқибатида бир киши Жантада, яна бири Шмастарда ҳалок бўлган. Шунингдек, зарбалар туфайли ўша ҳудуддаги бир мактаб биносининг ойналари синиб кетган ва бу ҳолат ўрта мактаб ўқувчилари орасида ваҳима уйғотган.

NNA маълумотига кўра, Исроил қирувчи самолётлари Ливаннинг шарқидаги Бека водийси устида ҳам паст баландликда учган. Исроил армияси эса зарбалар Бека минтақасида жойлашган “ракета ишлаб чиқариш жойи” ва “Ҳизбуллоҳ” томонидан машғулотлар учун фойдаланилган мажмуа”, шунингдек, Ливан шимолидаги Шарбин шаҳрида жойлашган ҳарбий объектга қаратилганини даъво қилган.
 
Исроилнинг бу даъволарига “Ҳизбуллоҳ” томонидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Қайд этиш жоиз, Исроил армияси 2024 йил ноябрь ойида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Ливанда “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасини нишонга олиш” баҳонасида мунтазам ҳаво ҳужумлари уюштириб келмоқда. Сулҳ шартларига кўра, Исроил армияси 2025 йил январига қадар Ливаннинг жанубий ҳудудларидан тўлиқ чиқиб кетиши лозим эди. Аммо ҳозирча қўшинлар қисман олиб чиқилиб, чегарадаги бешта постда ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Исроил армияси Ливан жанубида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати объектларига зарба бериб, гуруҳ бутун мамлакат бўйлаб ўз инфратузилмасини тиклашга уринаётганини иддао қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан Баальбек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг