Литвалик мутахассис Ўзбекистон аёллар МТЖ бош мураббийи бўлди
Спорт
−
17 Январь
4292Литвалик Котрина Кулбите Ўзбекистон аёллар Миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 16 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси бош мураббийлигига номзод Котрина Кулбите билан учрашди. Дастлаб, литвалик мутахассис ўзбек футболи тарихи ва қўлга киритилган ютуқлар билан танишди. Шунингдек, унга бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар спорти, хусусан, футболга берилаётган эътибор ҳақида маълумот берилди.
Кулбитега Ўзбекистон мезбонлик қиладиган 2029 йилги аёллар Осиё кубогида муносиб иштирок этиш, Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларига йўлланма олиш вазифалари қўйилди, шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида ўтказиладиган 2026 йилги аёллар Осиё кубоги саралаш босқичида юқори натижа кўрсатиб, қитъа турнирига йўлланма олиш зарурлигини таъкидланди.
Маълумот ўрнида, Котрина Кулбите UEFA'нинг мураббийларни ўқитиш бўйича инструктори ҳисобланади. Литва аёллар терма жамоаси ва турли ёш тоифаларидаги қизлар терма жамоаларида бош мураббий ва ёрдамчи мураббий лавозимларида фаолият юритган.